Абдуллоҳ Эгамбердиев – Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 147-мактабнинг 4-синф ўқувчиси. У яқинда IELTS имтиҳонидан 7,5 баллни қўлга киритди. 11 ёшли Абдуллоҳ ўқув марказига бормаган, репетиторга қатнамаган. У бундай натижага мактабдаги инглиз тили ўқитувчисининг ёрдами билан эришган. Абдуллоҳ ва унинг онаси Нилуфар Тожибоева Kun.uz’га берган интервюсида қандай қилиб бу натижага эришгани ҳақида гапириб берди.
Абдуллоҳ Эгамбердиев:
– Инглиз тилига кичкиналигимдан қизиққанман, 6-7 ёшимдан тилни ўрганишни бошлаганман. Ўшанда You Tube’да фильмлар, мультфильмлар кўрардим, қолаверса, ота-онам ҳам инглиз тилини ўрганишда ёрдам қилган.
Аслини олганда, тил ўрганишга унча ҳам қизиқмайман, лекин инглиз тилини кўп одам билгани учун шу тилни билишга бел боғлаганман. Инглиз тилини ўрганиш кўпроқ одамлар билан мулоқот қилиш имконини беради. Бу тил орқали дунёни бошқача кўриш, билимни ошириш мумкин.
Нилуфар Тожибоева:
– Абдуллоҳнинг отаси БААда ишларди. Шу сабабли маълум вақт давомида шу давлатга қатнаб юрардик. Кейин Абдуллоҳни ўша ердаги мактаблардан бирига беришга қарор қилдик. Сентябрдан дарслар бошланди, шу билан март ойигача ўқиди, сўнг карантин сабаб ҳамма таълим муассасалари ёпилди. Ўзбекистонга қайтиб келдик, ўғлимиз таълимини 2-синфдан 4-синфгача ўзбек мактабида давом эттирди.
Бу вақт оралиғида Абдуллоҳнинг инглиз тилиси жуда яхши ривожланди. Ўзим, хўжайиним чет тиллари факультетини тамомлаганимиз учун фарзандларимизнинг тил билишига ҳаракат қилардик. Кичкиналигида инглиз тили алифбосини деворларга осиб, ўргатардик. Бошида ишни шундан бошлаганмиз, кейин китоблар ҳам ўқиб берардик. Уйда кўпроқ инглиз тилида мулоқот қилардик. “У бундай бўлади, буниси бундай бўлади”, – деб тушунтириб, параллел равишда ўзбек тили билан бирга ўқитардик.
Абдуллоҳ Эгамбердиев:
– Ноябрь ойида мактабдаги инглиз тили устозим ойимдан мени IELTS'га тайёрлаш мумкинлиги ёки йўқлиги ҳақида сўради. Ойим бунга розилик берди. Шундан кейин IELTS'га тайёрланишни бошладик.
Ўқитувчим менга IELTS ўзи нима экани, нималардан иборатлигини ўргатди. Кейин осон йўллар билан тестларга жавоб бериш, қандай матн тузиш кераклигини тушунтирди. 3 ойдан кейин машғулотларимиз мураккаблашиб кетди, чарчаб қола бошладим. Аммо шунга қарамай, давом этавердим. Ҳар куни фақат мактаб кунлари дарслардан олдин 3 соат тайёргарлик қилардим. Китоблар ўқирдим, саволларга жавоб берардим, IELTS'га оид видеолар ҳам кўрардим.
















