09:44 / 29.05.2023
4870

ЕИ ва Марказий Осиёнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бошчилигидаги мамлакат делегацияси Ашхободда Европа иттифоқи ва Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакилларининг тўртинчи учрашувида иштирок этди.

Фото: ТИВ

ТИВ маълумотига кўра, тадбирда Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Ҳакала, Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон, БМТ Бош котибининг махсус вакили, БМТнинг Афғонистондаги миссияси раҳбари Роза Отунбаева, Жаҳон банки вакиллари (онлайн тарзда) ва Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари иштирок этди.

Учрашув иштирокчилари афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни давом эттириш, Афғонистоннинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, мамлакатнинг хориждаги музлатилган активларига чекловларни ечиш зарурлигини таъкидладилар.

Афғонистон муваққат ҳукуматига халқаро ҳамжамиятнинг инклюзив ва вакиллик ҳукуматини яратиш, фуқаролар, айниқса аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, Афғонистон ҳудудидан террористик мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик борасидаги талабларини бажариш юзасидан мурожаат қилинди.

Минтақадаги сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қўшни давлатлар манфаатларини ўзаро ҳисобга олиш, минтақа сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.

Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш бўйича Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари томонидан умумий таклифлар ишлаб чиқиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди.

Делегациялар Ўзбекистон президентининг БМТ шафелигида Халқаро музокаралар гуруҳини тузиш ташаббусини ижобий баҳолаб, бу БМТнинг Афғонистон бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишда ушбу форматдаги умумий таклифларнинг бир қисми бўлиши мумкинлигини қайд этди.

Top