Геосиёсий вазият туфайли 60 мингдан ортиқ норезидент банкларда ҳисобрақам очди — МБ раиси
2022 йилда ўзбек банкларида ҳисобрақам очган норезидентларнинг депозитлари 892 млн долларга етган, дея маълум қилди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов.
Россия қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинган 2022 йилда 60 мингдан ортиқ норезидентлар ўзбек банкларида ҳисобварақ очган. Бу ҳақда Сенатнинг 41-ялпи мажлисида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов маълум қилди.
Мажлисда Нурмуродов Марказий банкнинг 2022 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисобот берди. Сенатор Шавкат Жалолов ўтган йили аҳоли банкларга қўйган омонатлар таркибида хорижий валютадаги омонатлар улуши камайганига эътибор қаратди.
“Ҳисобот йилида аҳоли омонатлари қолдиғи 1,7 баробарга ошиб, 63 трлн сўмга етгани қайд қилинган. Бу яхши тенденция. Лекин омонатларнинг таркиби бўйича хорижий валютада қўйилган омонатларни бир йилдан юқори муддатга қўйиш 2021 йилга нисбатан 9 фоизга камайган, талаб қилиб олгунча бўлган муддатга қўйиш, аксинча, 9 фоиз ошган. Ҳозирги кунда аксарият аҳоли ўзининг хорижий валютасини уйда сақлашга ҳаракат қиляпти. Яъни аҳоли хорижий валютадаги маблағларини банкка қўйишдан манфаатдор эмасдек. Аҳолининг тижорат банкларига ишончини қай даражада баҳолайсиз?” – деди Сенат аъзоси.
Марказий банк раисининг айтишича, валютадаги депозитларда, яъни муддатли депозитларда камайиш содир бўлганини иккита ҳолат билан изоҳлаш мумкин.
“Биринчиси, дедолларизация. Яъни доллар курсидаги кичик тебранишлар сақланиб қолиши ва омонатлар бўйича фоизларнинг 21-22 фоизга шаклланиши валютадаги маблағларини олиб, сўмда депозит қўйишга қизиқишларни оширяпти. Банклардан депозитлар ўсиш манбаларини сўраганмиз: валютадаги депозитни сўмга ўтказиш кучайган. Бу яхши ҳолат деб баҳолаймиз.
Бу банкларга ишонч пасайгани ёки одамлар долларни уйда сақлаётгани билан боғлиқ десак тўғри бўлмайди. Ҳисоб-китобларимизга кўра, аҳоли қўлида 12 млрд долларга яқин [нақд] доллар бор. Биз уларнинг ҳаммасини жалб қила олмаймиз. Лекин банкда долларни сўмга айлантириб, муддатли омонатга қўйиш жараёни бошланган. Бу банкларга миллий валютада кредит беришга имкон яратади”, – деди у.
Мамаризо Нурмуродовнинг сўзларига кўра, ўтган йилги геосиёсий вазият туфайли ўзбек банкларида ҳисобрақам очган норезидентлар сони 60 мингдан ошган. Улар қарийб 892 млн долларга яқин эквивалентдаги маблағларни банкларга қўйган.
“Бу ўз-ўзидан норезидентлар депозитлар қўйишининг кескин ўсиши ҳисобига қарийб 9,5 баробарга ошди. Шунинг ҳисобига талаб қилиб олингунча валютадаги депозитларимиз ошди”, – деди регулятор раҳбари.
Мавзуга оид
12:30 / 04.11.2024
Рада сафарбарлик тезлиги секинлашиши билан боғлиқ муаммо ҳақида маълум қилди
22:40 / 11.10.2024
Россия армиясидан Қозоғистонга қочган 6 нафар дезертир Европа визасини олди
23:40 / 27.09.2024
Украина Қуролли Кучлари фронтга келган янги аскарларнинг ярмидан айрилмоқда
19:45 / 16.09.2024