Ўзбекистон | 08:10 / 02.06.2023
4846
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролари Британияда қурилиш ва тиббиёт соҳасида иш билан таъминланади

Ўзбекистон фуқароларини Буюк Британияда қурилиш ва тиббиёт соҳаларида ҳам иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Фото: AP

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Буюк Британиянинг эксплуатация ва меҳнат ҳуқуқлари бузилишига қарши курашиш хизмати вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. 

Spot'нинг ёзишича, учрашувда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳам иштирок этди.

Буюк Британиянинг эксплуатация ва меҳнат ҳуқуқлари бузилишига қарши курашиш хизмати раҳбари Дарил Диксоннинг қайд этишича, Буюк Британияда Ўзбекистон фуқаролари қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритмоқдалар.

“Биз миграцияси соҳасидаги ҳамкорлигимизни кенгайтириш ниятидамиз. Ташкилотимиз рекрутинг агентликларига лицензия бериш билан шуғулланади. Шу боис, бизнинг таклифларимиз географияси жуда кенг. Ўйлайманки, ушбу учрашувда ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш борасида муҳим келишувга эришамиз”, — деди Дарил Диксон.

Учрашувда ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, хусусан, Ўзбекистон фуқароларини Буюк Британияда нафақат, қишлоқ хўжалиги, балки, қурилиш ва тиббиёт соҳаларида ҳам иш билан таъминлашнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.

Якунда агентлик ва Британия хизмати ўртасида меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид