Ўзбекистон | 12:32 / 02.06.2023
15390
3 дақиқада ўқилади

Табиат ресурслари вазирлигининг номи ўзгарди

Бош прокурорнинг экология масалаларига масъул ўринбосари лавозими пайдо бўлди.

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

«Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони имзоланди. Унга кўра, Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланди.

Шунингдек:

  • 2023 йил 1 июлдан «Жамоатчилик экология назоратчиси» тизими жорий қилинади. 
  • Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган Бош прокурор ўринбосари лавозими киритилди.
  • Вазирликда алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Давлат экологик назорат инспекцияси ташкил этилди.
  • 2023 йил 1 декабргача туманларда (шаҳарларда) атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатилади. 
  • 2025 йил якунигача республика ҳудуди бўйича атмосфера ҳавосининг табиий ифлосланиши юқори бўлган ҳудудларни прогнозлаш ва аҳолини барвақт огоҳлантириш тизими синов тариқасида жорий этилади.
  • 2024 йил якунигача ҳудудларни экологик баҳолаш бўйича индикаторлар асосида eco-indicator.uz рейтинги шакллантирилади ва ҳар бир ҳудуднинг экологик паспорти эълон қилинади.
  • Миллий табиий мерос объектлари рўйхати жорий этилади. 

2024 йилдан, жумладан, қуйидагилар учун ҳар йили 500 миллиард сўм ажратилади:

  • «яшил белбоғ», «яшил боғ» ва «яшил жамоат парк»лар ҳамда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ва доимий фойдаланувчига топширилгунга қадар сақлаб туриш;
  • асосий темирйўл ва магистрал автойўллар бўйида дарахт кўчатларини экиш;
  • ҳар бир туман ва шаҳарда 5 гектардан кам бўлмаган майдонларда боғлар барпо этиш. 

2023 йил якунигача ҳар бир давлат ташкилоти ва ҳокимликнинг ўз боғлари ташкил этилади ҳамда 3 йил давомида парваришланади. 

2024 йил 1 январдан уй шароитида ёки касаначилик асосида дарахт ва бута кўчатларини (ниҳол) етиштириш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) ҳисобланади.

Мавзуга оид