Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган мактабларнинг бирида юз берган жанжал бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 23 май куни тахминан соат 11:00 ларда Чилонзор туманида жойлашган мактаблардан бирининг олдида 10-синф ўқувчилари А.Х. ва Д.Ў. шу мактабнинг 9-синф ўқувчилари Ш.Э. ва И.Т. билан ўзаро келиб чиққан келишмовчилик сабабли жанжаллашган.

Жанжал оқибатида Ш.Э. ва И.Т. тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ўтказилган суд-тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, жабрланувчиларга соғлиқни қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.