Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ Киевга Каховка ГЭС тўғони бузилиши оқибатларини бартараф этишда ёрдам беради
Европа Иттифоқи Украинага сув насослари, ўт ўчириш шланглари, мобил сув тозалаш станциялари ва қайиқларни беради, деди Европа комиссияси раиси фон дер Ляйен.
Каховка ГЭС тўғони вайрон қилингандан сўнг, Европа Иттифоқи Украинага фалокат оқибатларини бартараф этишда ёрдам беради ва баъзи зарур жиҳозларни етказади, деди сешанба, 6 июн куни Еврокомиссия (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен.
"Европа бизнинг фуқаролик ҳимояси механизмимиз орқали ёрдамни сафарбар қилмоқда. Биз аъзо давлатлар билан сув насослари, ўт ўчириш шланглари, мобил сув тозалаш иншоотлари, қайиқларни тезда етказиб беришни мувофиқлаштирмоқдамиз ", деб ёзди фон дер Ляйен Twitter'да.
"Россия Украинада содир этилган ҳарбий жиноятлар учун тўлаши керак бўлади. Тўғоннинг вайрон бўлиши, фуқаролик инфратузилмасига даҳшатли ҳужум Херсон вилоятининг минглаб аҳолисини хавф остига қўяди", - деди ЕК раҳбари.
Европа Иттифоқи Каховка ГЭС тўғонининг вайрон қилинишини қоралаб, содир бўлган воқеада Россияни айблади. "Россиянинг Украина муҳим фуқаролик инфратузилмасига қилган ҳужумлари бугун Каховка ГЭСнинг вайрон бўлиши билан мисли кўрилмаган даражага етди. Европа Иттифоқи бу ҳужумни энг кескин тарзда қоралайди. Бу ваҳшийликларнинг янги кўламини ифодалайди ва қонунбузарлик сифатида баҳоланиши мумкин”, - деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел ва инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич қўшма баёнотида.