Жаҳон | 14:37 / 08.06.2023
9539
2 дақиқада ўқилади

ЖАР президенти Путинга Украина бўйича тинчлик режаси ҳақида маълумот берди

Сирил Рамафоса Россия президентига Африка давлатларининг тинчлик ташаббуси ҳақида маълумот берди. Путин Африка делегациясини Москвада қабул қилишга тайёрлигини билдирди.

Фото: Reuters

Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса Россия президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, Африка давлатлари раҳбарларининг Украинадаги вазиятни тинч йўл билан тартибга солиш бўйича режалаштирилган ташаббуси ҳақида хабардор қилди, деб хабар берди 8 июнь, пайшанба куни ЖАР президенти матбуот хизмати. Путин Африка давлатларидан делегацияни қабул қилишга тайёрлигини билдирди. 

Бир кун аввал Рамафоса вакили Африка делегациясининг Москвага ташрифи санаси ҳали белгиланмаганини айтди. Май ойида у Африка делегацияси июнь ойида Украина ва Россияга ташриф буюришни режалаштираётганини, у икки томонни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш зарурлигига ишонтиришга ҳаракат қилишини айтди. 

Июль ойи охирида Санкт-Петербургда Россия-Африка саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган. Рамафоса ва Путин ўртасидаги телефон суҳбатида ушбу саммитни ўтказиш ҳам мавзулардан бири бўлди, деди ЖАР президенти вакили. 

Сўнгги пайтларда бир қанча давлатлар, шунингдек, Рим папаси Франциск Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш ташаббуслари билан чиқди. Украина президенти Володимир Зеленский эса Россия билан тинчлик фақат Киев шартларига кўра бўлиши мумкинлигини, жумладан, Россия қўшинлари Украинадан тўлиқ олиб чиқилиши лозимлигини таъкидлади. 

Мавзуга оид