Ўзи нима гап?
Германияга шенген виза олиш учун элчихона билан учрашув белгилаш фақатгина Visametric виза маркази орқали онлайн амалга оширилади. Visametric виза аризаларини қабул қилиш учун Германия томонидан рухсат берилган ягона хизмат кўрсатувчи ҳисобланади.
Kun.uz'га мурожаат қилган бир нечта ўзбекистонликларнинг айтишича, Visametric ташкилоти орқали шенген визаси масалаларида элчихона билан учрашув белгилаш жараёнида тўсиқлар юзага келяпти.
“Visametric'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Германия ва Швеция давлатларига виза топшириш учун ҳужжатларни қабул қилади. Муаммо иккала мамлакатга ҳам тааллуқли. Лекин Германияга боришга эҳтиёжмандлар сони Швецияга борувчилардан анча кўп, шунинг учун Германиядаги ва Ўзбекистондан Германияга келмоқчи бўлаётган Ўзбекистон фуқаролари муаммога ечим топишга астойдил киришган. Ватандошларимиз 2021 йилнинг ярмидан бошлаб муаммога жиддий рўбарў бўла бошлашди.
Visametric сайтига кирганда аризачига бўш сана борасида аниқ маълумот берилмайди. Онда-сонда пайдо бўлиб қолган бўш саналарни эгаллашга ҳаракат қилинганда, тизим ҳаракатсиз ҳолда қотиб қолади”, – дейди биз билан суҳбатда мурожаатчилардан бири.
Германиядаги ўзбекистонликларнинг айтишича, аввалига ГФРнинг Тошкентдаги элчихонаси Visametric орқали навбат олишнинг имконияти бўлмаса, тўғридан тўғри элчихонага мурожаат қилиш мумкинлигини билдирган.
“Аммо ҳозир элчихонага мурожаат қилиб, жой банд қилишнинг ҳам имкони йўқ. Аввал Андижон ва Бухоро шаҳарларида Visametric офиси бор эди, ҳозир негадир улар ёпилган. Бу филиаллар ишлаганда навбат олишда муаммо йўқ эди, узоғи билан келаси 2-3 ҳафтага имконли бўлган”, – дейди яна бир мурожаатчи.
Элчихона ва Visametric сайти орқали жой банд қилишнинг имкони бўлмагани сабабли одамлар турфирмалар орқали навбат олишга тўғри келаётганини айтяпти.
“Турфирмалар сиз учун элчихонага суҳбатга киришга сана банд қилиб беради, бу бир киши учун 200 доллар атрофида. Visametric орқали жой банд қилиш бепул эди. Бепул хизматдан фойдаланиш мураккаблиги ва баъзида умуман имконсизлиги учун турфирмалар хизматидан фойдаланишга мажбур бўляпмиз”.
Ўтган ойда бир гуруҳ ўзбекистонликлар немис элчиси Тило Клиннер номига муаммони бартараф этишни сўраб хат ёзишган, аммо ҳамон жавоб келмагани айтиляпти.
















