Ўзбекистон асосий молиявий ҳисоботларини даврий очиқлашни тўхтатди
Ўзбекистон Молия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги билан қўшиб юборилганидан бери мамлакатнинг энг муҳим молиявий ҳисоботларини эълон қилиш тўхтаб қолди.
12 январдан бошлаб бюджет харажатлари ва даромадлари ҳақидаги кунлик маълумотларни очиқлаб бориш тўхтаб қолган эди. Орадан 5 ой вақт ўтган бўлса-да, бу маълумотларни эълон қилиш қайта тиклангани йўқ.
Бундан ташқари, 2023 йилнинг олтинчи ойи ўтиб бораётган бўлса-да, Давлат бюджетининг ўтган 2022 йил якунлари бўйича ижроси ҳақида ҳисобот берилмади. Худди шундай 2023 йилнинг 1-чораги бўйича ҳам очиқ маълумотлар йўқ.
Қолаверса, давлат қарзи ҳақидаги янги ҳисоботлардан ҳам дарак бўлмаяпти. Охирги йилларда Молия вазирлиги давлат қарзи ҳолатига оид ҳисоботларини йил якуни бўйича феврал ойида, 1-чорак якуни бўйича эса май ойида тақдим этиб келарди. Лекин ҳозиргача бу иккала ҳисобот ҳам эълон қилингани йўқ.
Бундай ёпиқлик янги конституцияга очиқлик ҳақида модда қўшилганидан кейин рўй бераётгани эътиборга молик. Эслатиб ўтамиз, конституцияга асосан, вазирлик ва идоралар очиқ, шаффоф, қонуний ва эффектив ишлаши кераклиги белгилаб қўйилган.
Жаҳон банки Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ўсиш бўйича прогнозларини яхшилади
Халқаро молиявий ташкилот минтақада 2023 йилдаги ўсиш бўйича биринчи ўринни Тожикистонга берди – 6,5 фоиз. Ўзбекистон иқтисодиёти эса бу йил 5,1 фоизга ўсиши мумкин.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2024 йилдан бошлаб минтақада ўсиш суръатлари бўйича етакчига айланади. Мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 2024 йилда 5,4 фоиз, 2025 йилда 5,8 фоизга кўпайиши тахмин қилиняпти.
Украинадаги можаронинг давом этиши ва инфляциянинг тезлашиши билан бир қаторда, Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун энергия соҳасида хавф мавжудлигини қайд этди. Бундан ташқари, иқтисодчилар иқлим ўзгариши сабабли оммавий миграция эҳтимоли ҳақида огоҳлантирмоқда.














