Тошкент вилояти ИИББнинг минтақавий бўлинмаларидан бирининг раҳбари қамоққа олингани, тинтув чоғида унинг хизмат хонасидаги сейфидан 20 минг АҚШ доллари чиққани, у Бўстонлиқ туманида профилактика инспекторларига ажратилган хизмат уйини сохта ҳужжатлар орқали сотиб юборишда гумонланаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Хабарда, шунингдек, Олмалиқ шаҳар ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосарига бириктирилган ҳайдовчи фуқародан 300 АҚШ долларини олган вақтда ушлангани, тергов давомида бу олди-бердига яна кимлар аралашганига ойдинлик киритилиши кутилаётгани ҳақида сўз боради.

Бу хабаримиз Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлагановни жиғибийрон қилган кўринади. У мазкур хабарни “текширилмаган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва асосий қисми ёлғон ахборот” деб баҳолади.

Бобур Тўлаганов

Тўғри, хабарнинг дастлабки вариантида манбамиз берган маълумотлар чалкаштириб юборилгани туфайли иккита минтақавий ҳудуд раҳбари қамоққа олингани айтилганди ва бу англашилмовчилик қисқа фурсат ичида бартараф этилди. Аммо бу хабарнинг бошдан оёқ ёлғон ёки мишмишлардан иборатлигини англатмайди.

Агар хабар ҳақиқатга тўғри келмаса, яъни Тошкент вилояти ИИББ биринчи минтақавий ҳудуди раҳбари қамоққа олингани фейк маълумот бўлса, нима учун эҳтиросга тўла баёнотда бу ҳақда лом-мим дейилмаган?

Ваҳоланки, хабарда бу мансабдор айнан қайси қилмишлари учун тезкор тадбир давомида ҳибс қилингани, дастлабки тергов давомида унинг бошқа жиноий қилмишлари ҳам аниқлангани баён қилинганди, хўш, бу ҳам ёлғон бўлса, тўғри маълумот қаерда? Унинг хизмат хонасидан топилган 20 минг доллар-чи, бу ҳам уйдирмами?

Аслида, бирор ташкилот ёки матбуот котиби томонидан бериладиган расмий муносабат, баёнот ёки раддияда ОАВда эълон қилинган хабарда кўтарилган масалалар бўйича бандма-банд муносабат билдирилиши, ўрни келганда зарурий ҳужжатлар ёки видео-фото далиллар тақдим этилиши лозим. Бироқ афтидан Бобур Тўлаганов касбининг асоси ҳисобланган бу қоидалардан бехабар кўринади. Йўқса, таҳририятни ёлғон ахборот тарқатганликда айблаш, бунинг учун уни жавобгарликка тортишни талаб қилишдан аввал асослантирилган раддия берган бўларди.

Тошкент вилояти ИИББ бошлиғининг матбуот котиби ўз баёнотида таҳририятни улар билан боғланиб, хабарда келтирилган маълумотларни фактчекинг қилмаганликда айблаган. Бироқ биринчидан, маълумот ишончли экани бир-биридан мустақил икки манба томонидан тасдиқланган. Қолаверса, тажриба шуни кўрсатадики, матбуот котиблари ўзи хизмат қилаётган тизимдаги коррупцион ҳолатлар, ёпди-ёпди қилинаётган жиноятларни иложи борича овоза қилмасликлари, башарти журналистлар бу ҳақда расмий маълумот сўрашганда ҳеч қандай муносабат билдирмасликлари одат тусига кирган. Ваҳоланки, уларга ташкилот раҳбарининг ўринбосарига тенг мақом, маош, ваколат ва имтиёзлар тизимдаги очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун бериляпти. Бироқ бунинг эвазига улар нима қиляпти? Ёпиқлик қозон ёпиқлик қолиши учун жон-жаҳди билан курашишмоқда.