Тошкентда аттракциондан йиқилган эр-хотин. Сабаб ва айни пайтдаги вазият ҳақида репортаж
Жорий йил 12 июнь куни тунги соат 22:10 лар атрофида «Анҳор-Локомотив» боғида икки нафар фуқаро аттракциондан қулаб тушди. Kun.uz ҳодиса тафсилотларини ўрганди.
«Анҳор-Локомотив» боғининг меҳмонларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Шерзод Асадуллаев бахтсиз ҳодисага фуқароларнинг хавфсизликка риоя қилмагани сабаб бўлганини маълум қилди.
“Ўша кунги бахтсиз ҳодисада икки нафар аёл ва эркак жабр кўришган. Бунга сабаб уларнинг хавфсизликка риоя қилмагани бўлган. Операторимиз уларнинг хавфсизлик камарларини таққан, лекин эркак телефонини қўймоқчи бўлиб хавфсизлик камарини ечган. Аёл киши ҳам кийими халақит бергани учун камарни ечган. Операторимиз эса буни кўрмаган ва аттракционни ишга туширган.
Аттракцион 2016 йилда боғ очилиши билан ўрнатилган. Техник ҳолати 1 июндан олдин текширилган эди ва ишга яроқли деган хулоса берилган. Олдин боғ ҳудудида бундай ҳолат кузатилмаган эди, бу биринчиси бўлди. Воқеа бўлган пайтда аттракционнинг 5 кишига мўлжалланган бир бўлимига фақат аёл ва эркак иккиси ўтирган. Ҳолатдан сўнг аттракцион текширилгани йўқ, чунки соз ҳолатда. Бўлиб ўтган ходиса эса техник хавфсизликка риоя қилинмаганлик оқибати. Бундан ташқари, аттракцион ҳар куни эрталаб текшириб турилади ва техник хавфсизлик журналига қайд этилади”, - деди бўлим бошлиғи.
Жабрланувчиларнинг аҳволини билиш мақсадида халқ тилида 16 шифохона деб ном олган Чилонзор туманида жойлашган Республика тез тиббий ёрдам илмий марказида даволанаётган икки фуқаро ва уларнинг яқинлари билан суҳбатлашдик.
«12 июнь куни «Анҳор Локомотив» боғида бўлди бу ҳодиса. Ҳолат бўйича ҳар хил гап-сўзлар тарқалиб кетибди. Ўша пайтда аттракцион оператори хавфсизлик камарини тақиб кетгач, мен телефонни қўйиш учун ўрнимдан турдим, кейин яна ўзим ёпдим хавфсизлик воситасини. Ёпилди деб ўйлаган эдим, аммо бир неча марта айлангандан сўнг очилиб кетди. Айб ўзимда бўлган экан. Секин-секин тузаляпман ҳозир, боғ ходимлари ҳам хабар олиб туришибди», - деди айни пайтда даво муолажалари олаётган Элбек Ботиров.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморларнинг ҳолати ўрта оғир даражада экани ва белгиланган стандартлари асосида даво муолажалари олиб борилаётганини маълум қилди.
Айни пайтда аттракционларга масъул ходимларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
19:52 / 26.12.2024
“Автобуслар учун 100 та камера”: улар Тошкентда жамоат транспортига ажратилган алоҳида йўлакдаги қоидабузарликларни қайд этади
14:55 / 26.12.2024
Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси тасдиқланди
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024