Жаҳон | 17:27 / 19.06.2023
12553
3 дақиқада ўқилади

Си Жинпинг кутилмаганда АҚШ давлат котиби Блинкенни қабул қилди

Фото: Reuters

Икки сиёсатчи ўртасидаги учрашув Пекин ва Вашингтон ўртасидаги кескин таранглик фонида бўлиб ўтди. Си Жинпингнинг айтишича, Блинкен билан учрашувда бир қатор масалалар бўйича олдинга силжиш бўлган.

Хитой раҳбари Си Жинпинг 19 июнь, душанба куни Пекинда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенни Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги кескинлик фонида қабул қилди. Dpa агентлиги қайд этишича, икки сиёсатчининг эълон қилинмаган учрашуви дипломатик протокол нуқтайи назаридан ғайриоддий бўлиб, Вашингтонга нисбатан алоҳида ишора сифатида баҳоланиши мумкин. 

Ярим соатлик учрашув якунлари бўйича Си Жинпингнинг таъкидлашича, томонлар «олға силжиш, қатор мавзулар бўйича эса якдилликка эришган». Си Жинпингнинг сўзларига кўра, Хитой томони ўз позициясини аниқ кўрсатган, Хитой ва Қўшма Штатлар ноябрь ойида Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтган G20 саммити чоғида у ва АҚШ президенти Жо Байден эришган келишувларни амалга ошириш зарурлиги тўғрисида келишиб олган. Ўшанда Си ва Байден икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича бир қарорга келганди.

Энтони Блинкен Си билан учрашувдан сўнг икки давлат ўртасидаги алоқалар яхшиланишига умид билдирди. 

Блинкен - сўнгги беш йил ичида Хитойга ташриф буюрган АҚШнинг энг юқори мартабали амалдори. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда савдо, инсон ҳуқуқлари ва Хитой ўзининг исёнкор вилояти деб ҳисоблаган Тайванга нисбатан муносабати билан боғлиқ можаролар туфайли ёмонлашди. Улар тахминан бир йил аввал АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи ортидан янада кескинлашди. 

Си Жинпинг билан учрашишдан олдин Энтони Блинкен ХКП Марказий қўмитаси Ташқи ишлар комиссияси канцелярияси раҳбари Ван И ва Хитой ташқи ишлар вазири Цин Ганг билан узоқ муддатли музокаралар ўтказди. Ванг И ташқи сиёсат даражаси бўйича Цин Гангдан устундир. 

Мавзуга оид