Ўзбекистон | 12:15 / 23.06.2023
8767
3 дақиқада ўқилади

Сенат: Давлат адабиёт музейи биносида шароит йўқлиги сабабли 69 575 та ноёб ашё хавф остида қолмоқда

Сенат қирқ иккинчи ялпи мажлисида Маданий мерос агентлигига музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан юборилган парламент сўрови натижаси муҳокама этилди.

Фото: Senat.uz

Мажлисда парламент сўровида кўтарилган қатор масалалар бўйича маълумотлар тўлақонли акс эттирилмагани, шунингдек, муаммолар ҳалигача сақланиб қолаётгани таъкидланди.

Музейлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқ ҳолда бўлиб, уларнинг сони 100 дан ортиқни ташкил этаётгани, “Музейлар тўғрисида”ги қонуннинг аксарият нормалари эскиргани, соҳада ваколатли органни аниқ белгилаш лозимлиги қайд этилди.

Музей биноларидан ташқарида музей ашёлари ва музей коллекцияларининг маҳаллий ва хорижий кўргазмаларини ташкил этиш ва ўтказиш қоидалари белгиланмаган.

Музей биноларини қуриш, таъмирлаш, музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш нуқтайи назардан жиҳозлаш меъёрлари қабул қилинмаган.

Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейи,  И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида 2022 йилда ташкил этилиши белгиланган реставрация лабораториялари фаолияти йўлга қўйилмаган.

Бугунги кунда музей ашёлари ва коллекцияларини реставрация қилишга қаратилган марказлашган лаборатория ташкил этилишига эҳтиёж мавжуд. Музейлар бинолари таъмир талаб ҳолатда, айримларида иситиш ва совитиш тизими ишламайди, моддий техник базаси маънан эскирган. Музейлар экспозициясининг техник жиҳозлари музей талаблари ва стандартларига мос келмайди.

Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи 1968 йилдан буён таъмирланмаган, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамда Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейининг коммуникация тизими 1970 йилдан бери реконструкция қилинмаган. Тамара хоним уй-музейи ҳам капитал таъмирга муҳтож.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги қарорига асосан Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамда  Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмаган.

Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейига 2021 йилдан буён Тошкент шаҳрининг Адиблар хиёбони – “Маънавият” шаҳарчасида  янги бино қурилиши таъкидлаб келинмоқда. Аммо ҳалигача мазкур масала ўз ечимини топмаган. Музейни таъмирлашни назарда тутувчи президент ҳамда ҳукумат қарорлари ижроси таъминланмаган. Музей биносида шароит йўқлиги сабабли унда сақланаётган 69 575 та ноёб ашё хавф остида қолмоқда.

Музейларда чипталар сотишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, киришда электрон ҳисобга олиш тизимига эга турникетлар ўрнатиш ишлари бажарилмаган. Музейлар соҳасидаги қонун бузилишлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитлар таҳлил қилинмаган. Миллий музей фондининг Давлат каталоги босма шакли чоп этилмаган.

Республикадаги музей раҳбар ходимлари ва мутахассислари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишлари тизимли йўлга қўйилмаган. Музей ашёлари ва коллекцияларини экспертизадан ўтказиш учун мутахассислар етишмайди.

Муҳокама сўнгида сенаторлар юқоридаги масалаларнинг ижобий ҳал этилиши юзасидан тегишли чоралар белгиланган Сенат қарорини бир овоздан маъқуллашди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид