Евгений Пригожин – “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг (ҲҲК) асосчиси ва бошлиғи, 1961 йилда туғилган. У “Вагнер” ҲҲКга 2013 йилда асос солган. 2016 йилда “Вагнер” аскарлари сони минг киши атрофида бўлгани айтилса, 2017 йилга келиб уларнинг сони 6 минг кишига етган.
Украина уруши вақтида эса, “Вагнер” таркибидаги қўшинлар сони 50 мингга етди. АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина урушида “Вагнер”нинг 30 минг атрофидаги аскарлари ўлган ва яраланган.
Шу кунларда Пригожин, бирдагина иккита катта янгилик қилди. Биринчидан, у ярим соатлик чиқиш қилиб, Украина уруши бўйича ўз қарашларини билдирди.
Пригожинга кўра:
- 2014-22 йиллар давомида Россия томонидан Донбассга ажратилган барча маблағлар еб кетилган;
- 2022 йил 24 февралда Украинага бостириб киришдан олдин, Украина тарафидан Россияга ҳеч қандай таҳдид йўқ эди;
- Зеленский ҳокимиятга келганда, у Россия билан келишув таклиф қилди. Лекин Кремль кибрга берилиб, бу келишувга бормади. Келишиш керак эди;
- Нима учун уруш керак бўлиб қолди? Бу урушнинг мақсади – Украинани нацистлардан тозалаш ва ҳарбий қудратини йўқотиш эмасди. Бу уруш, Пригожиннинг сўзларига кўра “бир ховуч махлуқларнинг дунё ҳамжамияти олдида пиар қилиши учун, ҳарбий қудрати билан мақтаниши учун керак бўлди холос”.
Бу баёнот ортидан Пригожин ўзининг “Вагнер” қўшинлари билан Россия армиясига қарши юриш бошлагани маълум бўлди. Ҳарбий компания Ростов шаҳридаги баъзи давлат объектларини қўлга киритган, Россия армиясининг баъзи офицерлари у билан алоқада бўлиб турибди.
Пригожин – таъбир қилиб бўлмайдиган шахс. Лекин унинг бу хатти-харакатлари – бош кўтаришни, исъённи, инқилобни эслатади. Пригожин пиар технологияларини жуда яхши билади. Унинг “Вагнер” ҳарбий компаниясидан ташқари, троллар фабрикаси, пиар билан шуғилланадиган хусусий лойиҳалари ҳам бор.
Пригожин Украина урушида Путин учун катта жасоратлар кўрсатди. Россия армияси қўшин тўплаш билан банд бўлиб турган бир пайтда, “Вагнер” ҲҲК Бахмутда жуда оғир уруш олиб борди. Пригожин кўп марта ўлган солдатлари фонида Россия мудофаа вазири Шойгу ва бош штаб бошлиғи Герасимовга қарши қаҳр-ғазабли баёнотлар берди.
Пригожин, ўзининг чиқишлари ва хатти-ҳаракатлари билан, Россия пропагандасининг энг асосий қарашларини чиппакка чиқарди. Пропаганда “Украина бизга қарши ҳужум қилмоқчи эди” деган бўлса, Пригожин “Украинадан бизга реал таҳдид йўқ эди” деди.

















