Жамият | 12:24 / 26.06.2023
19792
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда машина уриб юборган 15 ёшли ўсмир ҳалок бўлди

Ҳодисага ўсмир йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтгани ва йил бошидаги аномал совуқдан буён йўлнинг ёритилмаётгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан ўтган қисмида машина уриб юборган 15 ёшли ўсмир ҳалок бўлган.

“Yoshlar” телеканалининг “Davr” информацоин дастурида берилган лавҳада айтилишича, ҳодиса 2023 йил 22 июн куни соат 21:15 ларда содир бўлган.

Маълум бўлишича, ЙТҲ содир бўлган жойда йўл четида ёритиш тизими ўрнатилган. Бироқ йил бошидаги аномал совуқдан кейин унга электр энергияси бериш тўхтатилган.

Туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Ойбек Султонов чироқлар ёнмаслигига техник камчиликлар сабаб бўлаётганини айтган.

Бироқ Ғаллаорол туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғулом Оқмирзаев аномал совуқ пайтида электрни тежаш учун ёритиш тизими ўчирилганини ва ўшандан буён чироқлар ёқилмаслигини, ҳокимият рухсат берса ёқилишини айтган.

Туман ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Саҳоб Эрманов унинг сўзларини рад этиб, ҳокимиятдан энергияни тежаш учун чироқ ўчириш ҳақида буйруқ берилмаганини ва ишчи гуруҳ тузиб масалани ўрганишини маълум қилган.

Қайд этилишича, ЙТҲ содир бўлган жой Ғаллаорол шаҳар ҳудудига киради ва шу жойда йўлнинг 8 километр қисми ёритилмайди. 2023 йилнинг ўзида йўлнинг шу қисмида 12 та ЙТҲ содир бўлган.

Мавзуга оид