Жаҳон | 13:01 / 27.06.2023
29022
10 дақиқада ўқилади

Вагнерчилар зарбасидан камида ўн нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлган

Катта эҳтимол билан, уларнинг бир қисми ёлланма жангчилар колоннасига ўт очмаганди. Қуйида исён қурбонлари ҳақидаги зиддиятли маълумотлар кўриб чиқилади.

Фото: Подслушано Кантемировка телеграм-канали

Евгений Пригожин ўзи бошлаган исённинг авж палласида унинг ёлланма жангчилари Москвага томон йўлда «бирорта одамни ўлдирмагани»ни айтганди. Шу билан бирга ўз «марши» якунларига кўра у шундай аниқлик киритди: «қуруқликда бирорта аскар ҳалок бўлмади». Бу ҳақиқат: ўндан ортиқ ҳарбий хизматчилар учиш аппаратлари қулаши оқибатида жон берган. Украинага қарши уруш тарафдорлари бўлган фаолларнинг катта қисмининг ҳисоблашича, Пригожин ва унинг қўл остидагилар бунинг учун албатта жазоланмоғи даркор. «Вагнер» ХҲКни қўллашда давом этаётганлар эса ҳарбийлар ўлимида ёлланма жангчилар колоннасига ҳужум қилишга буйруқ берганлар айбдорлигини айтишмоқда. Шу вақтга қадар айнан қанча учувчи ва операторлар ҳалок бўлгани ҳақида ишончли маълумот йўқ; ҳатто қанча вертолёт уриб туширилганига аниқлик киритилмаган. Аммо тахмин қилиш мумкинки, қурбонларнинг кўпчилик қисми исённи бостиришда тўғридан тўғри иштирок этмаётганди.

Ёлланма жангчиларнинг исён вақтидаги ҳаракатларини бир неча эпизодларга ажратиш мумкин. Ростов-Донни эгаллаш чоғида (катта эҳтимол билан Евгений Пригожин бутун кунни шу ерда ўтказган) қурбонлар бўлмаган. Хабар қилинишича, ёлланма жангчилар иккита ҳарбий аэродромни — Ростовнинг ўзидаги ва Миллерово аэродромини (иккинчиси — мудофаа вазирлиги ва ХҲК авиацияси биргаликда фойдаланадиган база) назорат остига олган.

Аммо аннексия қилинган Луҳанск области ва Россиянинг Ростов шимолидаги чегарасини кесиб ўтган вагнерчилар гуруҳи Воронеж томон ҳаракатланган ва 24 июн тонгида мудофаа вазирлиги авиацияси билан жангга киришган. Хусусий ҳарбий компаниянинг кўп сонли колонналарининг ҳар бирида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари — «Стрела-10» ва «Панцирь» комплекслари, шунингдек қўлда олиб юриладиган зенит ракета комплекслари мавжуд бўлган.

Чегарада содир бўлган воқеа тафсилотлари тўлиқ аён эмас: у ерда уриб туширилган учиш аппаратлари исённи бостиришга алоқадор бўлмаган бўлиши мумкин:

Ми-35 зарбдор вертолёти

  • Baza телеграм-канали тасдиқлашича, мудофаа вазирлигининг Ми-35 зарбдор вертолёти эрталаб соат бешда уриб туширилган — тахминан шу вақтда, у қулаган Павловск шаҳри ва Елизаветовка қишлоғи яқинида ўқотар қуроллардан ўт очилгани овозлари эшитилган.
  • Маҳаллий аҳоли вакиллари ёнаётган вертолётни суратга олган жой геолокацияси аниқланган.
  • Вертолёт ХҲК колоннасига ҳужумда иштирок этгани ёки воқеа жойида тасодифан пайдо бўлиб қолгани маълум эмас. Павловск атрофидаги жангда вертолётлардан фойдаланилгани ҳақида хабар қилинмаган.
  • Катта эҳтимол билан армия авиациясига алоқадор бўлган Helicopterpilot телеграм-канали версиясига кўра, вертолёт экипажи тирик қолган.

Ил-22 самолёти

  • Чегара ҳудудида, Воронеж областидаги Кантемировка яқинида (Ми-35 қулаган жойдан 90 километр масофада) самолёт уриб туширилган — борт номери RF-75917 бўлган Ил-22 русумли ҳаво қўмондонлик пункти. Самолёт қулаган жой (аниқроғи самолётнинг ерга тушган парчалари съёмка қилинган ҳудуд) геолокацияси аниқланган, унинг рақами ва типи тасдиқланган.
  • Baza маълумотига кўра, самолёт 24 июн куни эрталаб, соат 10 да уриб туширилган.
  • Ил-22 — бу Ил-18 турбовинтли лайнерининг модификацияси бўлиб, қўшинларни бошқариш учун турли алоқа тизимлари билан жиҳозланган. Россия-Украина урушида бундай самолётлар паст баландликда ҳаракатланувчи самолёт ва вертолётларга буйруқларни узатиш учун ретранслятор сифатида қўлланади. Самолётнинг учувчилар экипажи беш кишидан иборат, бундан ташқари, одатда унда яна икки ёки тўрт нафар алоқа оператори бўлади. Салондаги ўринларга кўра, унда бундан ҳам кўпроқ ҳарбий жойлашиши мумкин.
  • Россиядаги манбаларнинг самолёт ҳалокати оқибатида қанча ҳарбий хизматчи қурбон бўлгани тўғрисидаги маълумотлари бир-биридан фарқ қилади: манбалар саккиздан ўнгача бўлган рақамларни келтирган.
  • Самолёт ХҲК колоннасига ҳужум қилиш учун юборилган авиация ҳаракатларини мувофиқлаштириш билан шуғуллангани ёки у Украинадаги вазифа бажарилганидан кейин бу ҳудудда (Воронеж областидаги Балтимор базасидан 130 километр масофада) тасодифан пайдо бўлиб қолгани маълум эмас. Самолёт қулаган жойга Бутурлиновка аэродроми яқинроқ жойлашган, аммо бу ерда Ил-22 ёки шу каби самолётлар жойлаштирилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
  • Биринчи канал корреспонденти Ирина Куксенкованинг тасдиқлашича, у Ростовда Жанубий ҳарбий округ штабида Пригожиндан вагнерчилар Ил-22 самолётини нима учун уриб туширгани ҳақида сўраган. У эса гўёки «колоннадаги аҳмоқ пэвэошник учаётган барча нарсани уриб туширгани»ни айтган ва қурбонларнинг оилаларига 50 миллион рубл тўлашни ваъда қилган.

Ка-52 зарбдор вертолёти

  • ХҲК колоннаси тахминан соат 11 ларда Воронежни шаҳарнинг шимолий-шарқий чеккасидаги айланма йўл орқали ортда қолдирганида унга мудофаа вазирлигининг камида битта Ка-52 вертолёти билан ҳужум қилинган. ХҲК кучлари «Стрела-10» комплексидан унга қарата ракета учирган, аммо вертолёт унга қарши воситаларни ишга тушириб, шикастланишдан қутилиб қолган.
  • Вертолёт қуруқликдаги номаълум нишонга ҳам зарба йўллаган. Бу жанг натижасида нефт базада ёнғин чиққан, уни 12 соат ўтиб ўчиришган, яна бир ўқ-дори (у айнан қандай ўқ-дори бўлгани ва ким томонидан учирилгани — номаълум) яқин атрофдаги турар жой комплекси ҳовлисида портлаб, бир неча машинани шикастлаган.
  • Худди шу куни ёлланма жангчилар колонналаридан бири Воронеждан ўтгач, шарққа бурилиб Борисоглебск йўналишида ҳаракатланган. Бу вақтда Коминтерн посёлкаси ҳудудида, Борисоглебск трассасида худди шу русумдаги Ка-52 вертолёти уриб туширилган ва ёниб кетган.
  • Катта эҳтимол билан, бу вагнерчилар Воронеж атрофида ҳужум қилган вертолёт эмас (ҳалокат эрталабки ҳужум жойидан 100 километр масофада рўй берган). Иккинчи вертолёт ҳам ХҲК колонналаридан бирига ҳужум қилган бўлиши мумкин, аммо бу бўйича ишончли маълумот йўқ.
  • Хабар қилишларича, уриб туширилган Ка-52 экипажи (икки киши) ҳалок бўлган.
  • «Важные истории» материалида Ка-52 вертолёти ҳалокатида қурбон бўлганлардан бирининг шахсига ойдинлик киритилди — бу армия авицияси 15-бригадаси 3-эскадриляси командири Алексей Ворожцов бўлган. Тахминларга кўра, у ёнидаги штурман Денис Олейников билан бирга қурбон бўлган.
РФ ҚК Ка-52 вертолёти қолдиқлари
«Военкор» Евгений Поддубный
РФ ҚК Ка-52 вертолёти қолдиқлари
«Военкор» Евгений Поддубный

Бошқа учар аппаратлар

Хабар қилишларича, «Вагнер» ХҲК ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари зарбаларидан кейин Ми-8 МТПР электрон кураш вертолёти қулаб, ёниб кетган. Вертолётнинг дрондан олинган фотосурати бор. Қулаш жойини аниқлаш имкони бўлмаган. Helicopterpilot телеграм-канали хабар қилишича, вертолётдаги аппаратура операторларидан бири яраланган.

Бу каби вертолётлар Украина бўйлаб ракета зарбаларини таъминлашда ҳам иштирок этади (уларнинг вазифаси — украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини бостириш ҳисобланади). 24 июнга ўтар кечаси РФ қуролли кучлари Украинанинг бир неча областлари бўйлаб зарбалар йўллаган. Шу билан бирга, Ми-8 МТПР вертолётлари ҲХК колоннасига ҳужумларни таъминлашда ҳам иштирок этгани аниқ  эмас.

Бундан ташқари, Helicopterpilot ва Fighterbomber каналлари (иккинчи канал, тахминларга кўра, РФ Ҳаво-космик кучларининг истеъфодаги штурмани томонидан юритилади) яна бир Ми-8 МТПР вертолёти уриб туширилганини хабар қилган. Fighterbomber маълумотига кўра, бу вертолёт экипажи ҳалок бўлган. Helicopterpilot эса бу маълумотни тасдиқламаган: унинг маълумотларига кўра, Ми-8 МТПР учувчилари ва аппаратура операторлари омон қолган.

Чалкашликлар юзага келгани 23 июн куни ҳам, Helicopterpilot маълумотига кўра, худди шу моделдаги бошқа вертолёт экипажи ҳалок бўлгани билан боғлиқ бўлиши мумкин: борт Луҳанск устида уриб туширилган (Helicopterpilot хабаригача аннексия қилинган регионда РФ ҲКК вертолёти эмас, украинлар дрони ҳалокатга учраган деб ҳисобланилаётганди). «Важные истории» нашри бу ҳалокатда вафот этган пилотлардан бирининг шахсини аниқлаган — Кирилл Бабаев. Бабаевнинг журналистлар билан гаплашган яқинларининг сўзларига кўра, у айнан 23 июн куни ҳалок бўлган. Улар вертолёт ҳалокатига вагнерчилар алоқадорлигини тасдиқлашмаган.

Helicopterpilot шунингдек, ёлланма жангчиларнинг ердан туриб йўллаган зарбаси оқибатида Ми-28 вертолёти шикастлангани ҳақида хабар берган. Исёндан икки кун ўтганидан кейин ҳам бу зарбани тасдиқловчи визуал маълумотлар пайдо бўлмади.

«Вагнер» ХҲК йўқотишлари ҳақида ҳеч нарса маълум эмас

Фақатгина ХҲК колоннасида ҳаракатланган юк машинасига авиазарба видеоси ва ёниб кетган пикап фотоси мавжуд. Юк машинаси вагнерчиларга тегишли бўлгани аниқ эмас, аммо пикап — уларники бўлган (унинг томида ёниб кетган пулемёт қурилмасини кўриш мумкин).

Мудофаа вазирлиги самолётлари ва вертолётлари, афтидан, ёлланма жангчиларга зарар етказишдан кўра улар шимол ва шарқ томон ҳаракатланиши мумкин бўлган йўлларни шикастлашга ҳаракат қилган. Хусусан, Борисоглебскка борувчи трассада, Воронеждан 80 километр шарқдаги Анна посёлкаси атрофида мудофаа вазирлиги авиацияси Битюг дарёси орқали ўтадиган кўприкка ҳужум қилган (катта эҳтимол билан, фугасли авиабомбалар орқали). Натижада фуқаролик автомобили ағдарилиб кетган, бир оила шикастланган. Зарба акс этган видеода вагнерчиларнинг техникалари кўринмайди. Фугасли бомбалар билан йўлларга берилган бошқа зарбалар видеолари ҳам тарқалган (уларнинг геолокациясини аниқлаш имкони бўлмаган).

Мавзуга оид