Президент томонидан имзоланган қонун билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Ўзбекистон – Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома (Тошкент, 2022 йил 22 декабрь) ратификация қилинди.

Ҳужжат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан унинг 2022 йил 21 декабрь куни мамлакатга давлат ташрифи чоғида имзоланган эди.

Шартномага кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги давлат чегарасининг демаркация қилинган чизиғи узунлиги 2 356 километрдан ортиқдир.

Шартнома билан Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини белгилаш бўйича ишлар тўлиқ якунланди ҳамда чегара хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш учун энг муҳим шарт-шароитлар яратилди.

Бу халқаро ҳужжатни Қозоғистон томони март ойи охирида тасдиқлаган. 28 март куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев «Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни имзолаган.