«Kompromatuzb иши» ҳужжатлари суд муҳокамасига юборилди
Мазкур жиноят иши бўйича 4 нафар айбланувчи, шунингдек 19 нафар жабрланувчи ва 10 нафар фуқаровий даъвогар мавжуд. Жиноят оқибатида жабрланувчиларга 5,1 млрд сўмдан ортиқ моддий зарар етказилгани аниқланган.
Telegram’даги Kompromatuzb канали орқали қилинган товламачилик жиноятларига оид суд иши кейинги ҳафтада жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судида кўрила бошлайди. Бу ҳақда дастлаб Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов хабар берди.
«Бош прокуратура томонидан тасдиқланган айблов хулосасига кўра, 4 нафар шахс – Human.uz сайти асосчиси ва муҳаррири Хуршид Далиев, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат муносабатлари ва бандлик вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов ва фуқаро Аҳмадулло Аҳмаджонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми (товламачилик) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айбланишмоқда», – деб ёзди у Facebook саҳифасида.
Ҳозирча суд куни белгиланмаган. Қоидага кўра, маҳкамага раислик қилувчи судья компютер дастури бўйича тасодифий танланади. Суд муҳокамаларининг очиқ ёки ёпиқ ўтказилишига оид маълумот мавжуд эмас.
«Ўзбекистон Республикаси ДХХ Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари даврида жиноят ишининг бошқа иштирокчиларига оид қисми Ўзбекистон Республикаси ЖПК талаблари асосида алоҳида иш юритувига олинган», – дея қўшимча қилган ҳуқуқ фаоли.
Кўп ўтмай мазкур иш ҳақида Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ҳам расмий ахборот эълон қилди.
«Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми «а» банди, 25,165-моддаси 3-қисми «а» банди, 184-моддаси 3-қисми ва 243-моддаси билан айбланган Х.Д. (1984 йилда Андижон вилоятида туғилган), Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми «а» банди, 25,165-моддаси 3-қисми «а» банди ва 243-моддаси билан айбланган С.Х. (1983 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган), Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми «а» банди ва 25,165-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбланган А.А. (2004 йилда Андижон вилоятида туғилган) ҳамда Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а», «б», «в» бандлари билан айбланган М. М. (аёл, 1973 йилда Андижон вилоятида туғилган)га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг иш юритувига келиб тушган бўлиб, айни пайтда ушбу жиноят иши E-XSUD электрон ахборот тизими орқали судьялар ўртасида тақсимланиш жараёнидадир», – деб ёзди Обидов.
Суд вакилининг ёзишича, тасдиқланган айблов хулосасига кўра мазкур жиноят иши бўйича жами 19 нафар жабрланувчи ва 10 нафар фуқаровий даъвогар мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 5 млрд 138 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган.
- Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 27 январ куни Human.uz сайти директори Хуршид Далиев Telegram'даги Kompromatuzb ва бошқа каналлар орқали қилинган товламачилик жиноятларига алоқадорликда гумонланиб, нашр офисидан олиб кетилганди.
- Кейинчалик Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ва «Ўзбекнефтгаз» матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов ҳам ушбу иш доирасида ҳибсга олингани маълум бўлганди.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
19:12 / 31.10.2024