Баъзан аниқ мақсадларимиздан чалғиб қоламиз. Йўқотилган вақт, бой берилган умрнинг бадалини тўлашга мажбур бўламиз. Айни шу каби ҳақиқатлар Улуғбек Ҳамдамнинг «Бир пиёла сув» ҳикоясидаги бош қаҳрамон тимсолида ифода этилган.

Сюжет:

Бир арава юкни шом маҳалигача аниқ манзилга етказиш вазифасини зиммасига олган йўловчи саҳро бағрида йўлга чиқади. Бироз муддат юргач чанқаганини сезади. Унинг бутун вужудини чанқоқ қондириш ҳисси қамраб олади. Теварак-атрофга жавдирай бошлайди. 

Ниҳоят бир карвонсаройга дуч келади. Қараса карвонсарой эшиги ёнида бир қиз уни ичкарига чорлаб турибди. Киради. Карвонсарой ўртасида бир қудуқ бўлиб, четида пиёласи турган экан. Йўловчи бир пиёла муздек сувни роҳатланиб ичади. Ичишга ичади-ю, ҳақини тўламоқчи бўлиб қараса, турнақатор навбатда турган одамларни кўриб ҳанг-у манг бўлади. 

Ноилож навбатга бориб қўшилади. Навбати яқинлашиб боргани сари чанқай бошлайди. Яна бориб бир пиёла сув ичишга мажбур бўлади. Қайтадан навбат охирига туради. Бу ҳол бир неча маротаба такрорланади. Ниҳоят навбати етиб келган чоғ йўловчи ўзининг қартайиб қолганини кўриб ҳайратланади. Аммо карвонсаройга чорлаган аёл ёш ва ўзгармаган эди. 

Афсус ва надоматлар билан аравасининг ёнига чиқади-да, арава устини очади. Не кўз билан кўрсаки, араванинг ичида кўза-кўза сув турган бўлади...

Таҳлил:

Улуғбек Ҳамдамнинг «Бир пиёла сув» ҳикояси неомифологизм йўналишида ёзилган бўлиб, ҳикоя рамзларга ва мажозларга бой ҳисобланади. 

Асарнинг асосий ғояси инсоннинг бутун умр ташқаридан қидирган нарсасининг ўзида борлиги ва буни пайқамаслигидир. 

Ҳикоядаги қаҳрамонимизнинг на исми, на унинг таржимайи ҳоли очиқланган. Зеро, бу муҳим ҳам эмас. Унга топширилган ва адо этиши зарур бўлган вазифаси муҳим. Вазифа бажарилиши учун белгиланган вақт муҳим: шомга қадар бўлган муддат. Биз инсон туғилишини субҳга, ўлишини эса шомга қиёслаймиз. Ўртадаги вақт оралиғи умр. Шундай экан, фикримча, ҳикояда тонгдан шомгача босиб ўтилиши керак бўлган йўл – умр. Қаҳрамонимиз ҳеч нарсага чалғимай, собит қадам билан бу умрни тўғри ва оқил ҳолатда босиб ўтиши унинг асл вазифаси ҳисобланган.

Инсон туғилибдики, яшаяптики, у нафас оляптики, ўзига яраша эҳтиёжи, истаги, орзуси бўлади. Ҳар бир одамнинг эҳтиёжи ҳам, истаклари ҳам қанчалик зарурийлиги, қанчалик муҳимлиги билан фарқланади. Инсон иродаси орзу-истакларини қай даражада жиловлай олиши билан синалади. Қаҳрамонимиз чанқади. Табиийки, унда сув ичишга бўлган эҳтиёж, истак пайдо бўлди. Энди бу истак унинг бутун вужудини, ўй-хаёлини қамраб олади. Нима қилиб бўлса ҳам уни қондириши керак. Унинг истаги – сув. Демак, сув бу ерда орзу-истак рамзидир.