Чилонзор туманидаги 16 гектарлик собиқ “Алгоритм” заводи аукцион савдолари орқали 307,6 млрд сўмга сотилди. Ҳудуднинг бино ва иншоотларидан юздан ортиқ тадбиркор ижара асосида фойдаланиб келаётганди. Эндиликда улар ҳудуддан чиқариб юборилишлари мумкинлигидан хавотирда. Ҳокимлик вакили тадбиркорлар кўчада қолдирилмаслигини таъкидлаяпти.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги собиқ “Алгоритм” заводи бино ва иншоотлари 292 млрд 954 млн сўм бошланғич нарх билан аукцион савдоларига қўйилди.

23 июн куни нархи ошиб бориш тартибида ўтказилган аукцион савдоларида 307,6 млрд сўм таклиф қилган “Strategic Development Team” МЧЖ ғолиб деб топилган.

Ҳудуднинг сотилиши бу ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйган 120 нафар тадбиркорни хавотирга солмоқда. Чунки улар собиқ завод ҳудудидаги бино ва иншоотлардан ижара асосида фойдаланиб келишмоқда. Тадбиркорларга кўра, ишлаб чиқариш субъектлари ортидан 3 минг нафарга яқин ишчининг қозони қайнаб турибди. Агар ҳудуднинг янги эгаси тадбиркорларни чиқариб юборса, улар томонидан бу ерга келтириб ўрнатилган турли хил технологияларни бошқа ҳудудга кўчириш, қўл остидаги тажрибали ишчиларни ушлаб қолиш, қилинган харажатларга куйиш каби муаммолар юзага келади.

Тадбиркорларнинг таъкидлашича, улар масала юзасидан Чилонзор тумани ҳокимига мурожаат қилишган. Туман ҳокими масала билан шахсан ўзи шуғулланишини билдириб, тадбиркорлар тақдири эътиборсиз қолмаслигини, ҳудуд негизида “Технопарк” ташкил қилинишини, яқин кунларда муҳокама йиғилиши ўтказилишини айтган. Аммо ҳокимнинг бу гаплари қуруқ ваъдалигича қолган.

Биз анчадан бери шу ерда ишлаймиз, шу ерга жойлашдик. Ишлаётган жойларимизга анча-мунча сармоя киритдик. Шунча тадбиркорнинг салкам 3 минг нафар ишчиси бор.

Биз масала юзасидан шаҳар ҳокимига ёздик, ёнларига ҳам бордик, эшикдан киритишмади ҳатто. Туман ҳокими биз ёнига бораётганимиздан хабар топиб, шаҳар прокурори билан келиб, ҳокимлик ёнида биз билан учрашди. Сиз президентнинг вакилисиз, бизга қандай ёрдам берасиз, дея сўраганимизда ҳоким бу ерни “Технопарк” қилишга ёрдам беришини айтганди. Ҳоким ваъдасидан сўнг биз ортга қайтиб кетдик.