09:59 / 12.07.2023
7921

Боку «Лочин» назорат-ўтказиш пунктини вақтинча ёпди

Озарбойжон давлат чегара хизматининг билдиришича, «Лочин» НЎП орқали Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда контрабанда амалга оширилган.

«Лочин» назорат-ўтказиш пункти

11 июль, сешанба куни Озарбойжон давлат чегара хизмати (ДЧХ) «Лочин» назорат-ўтказиш пункти (НЎП) фаолиятини тўхтатганини маълум қилди. Бунга «Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига қарашли автомашиналар орқали контрабандага уринишлар» сабаб сифатида кўрсатилган. 

«Юқоридаги фактлар юзасидан Озарбойжон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, зарур тергов тадбирлари якунлангунига қадар «Лочин» НЎП орқали ўтиш вақтинча тўхтатилди», — дея Россиянинг «Интерфакс» ахборот агентлиги Озарбойжон ДЧХга таяниб хабар берди.

Журналистларга кўра, Озарбойжон томони контрабандачилар Лочин йўлаги орқали олиб ўтган деб ҳисоблаётган «рухсат этилмаган товарлар» орасида телефонлар, қувватлантирувчи қурилмалар ва бензин бор.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси контрабандачилар фаолиятига алоқадорлик гумонларини рад этди. «ХҚХҚ Лочин йўлаги орқали рухсат этилмаган юкларни олиб ўтиш борасида билдирилаётган хавотирлардан хабардор ва бундай фаолиятни қўллаб-қувватламайди. ХҚХҚга тегишли бўлган бирорта ҳам транспорт воситасида рухсат этилмаган товарлар аниқланмаган. Барча юклар Озарбойжон божхона назоратидан ўтказилади», - дейилади ташкилот хабарида.

Хабарларга кўра, тўрт нафар ёлланган ҳайдовчи вақтинчалик ХҚХҚ эмблемаси ёпиштирилган автомашиналарида бир қанча тижорат товарларини Тоғли Қорабоғга олиб ўтмоқчи бўлган. «Бу шахслар ХҚХҚ ходимлари эмас эди ва қўмита улар билан тузилган хизмат шартномаларини дарҳол бекор қилди. Бизнинг Лочин йўлагидаги ишимиз доимо инсонпарварлик характерига эга», - дея таъкидлади ташкилот. 

Top