Охирги бир неча ҳафта ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва уларнинг яқинлари учун Россияда мигрантларга қарши ўтказилаётган қатор полиция рейдлари билан хавотирли бўлиб турибди.

Жумладан, бундан бир неча кун аввал ҳам тармоқларда Москва яқинидаги мигрантлар кўп яшайдиган Котелники шаҳридаги масжидда полиция томонидан ана шундай рейд ўтказилгани ҳақида видеолар пайдо бўлди. 

Kun.uz мухбири меҳнат мигрантларига қарши ўтказилаётган ана шу рейдлар ва умуман, Россиядаги ватандошларни қизиқтирган бошқа қатор саволлар юзасидан миграция масалалари бўйича эксперт Ботиржон Шермуҳаммад билан интервью ўтказди. 

— Хўш, муҳожирларга қарши бу рейдлардан мақсад нима, мутахассис сифатида сиз бу воқеаларни қандай тушуняпсиз? 

Тўғри, биз бунга қадар ҳам шундай рейдларни эшитиб турардик, лекин рус полициясини нима бунчалик жазавага туширдики, рейдлар бунчалик  намойишкорона, кенг миқёсда тус олди? 

— Россияда ҳар 3 ойда бундай рейдлар ўтказилади. Бу сафарги рейдда 7 мингдан ортиқ чет эл фуқароси депортация қилингани, 45 мингдан ортиқ мигрант топилгани айтиляпти. Май ойида Котелники шаҳри фуқаролари мигрантлар кўпайиб кетгани, ноқулайлик туғдираётгани ҳақида Youtube платформаси орқали мурожаат йўллаган эди Путинга. Шундан кейин 2 ҳафта давомида намойишкорона ва қўпол тарзда рейд ўтказилди. Ҳужжати бўлганларни ҳам ушлаб кетишди.

Охирги чиққан видеолар жамоатчиликни жунбишга келтирди. Жума куни масжиддаги одамларни текшириб, ёш оқизувчи газлар сепилганини кўриш мумкин. Эътибор бериш керакки, маҳаллий аҳоли буни қўллаб-қувватлаяпти, кўпроқ текшириш кераклигини таъкидлаяпти. Ҳатто маҳаллий полиция органларига жиноий иш қўзғатилган, яъни фуқаролар мурожаат қилганда мигрантларни текширмагани учун.

— Баъзилар бундан рейдларни Марказий Осиё давлатларининг “Путиннинг йўриғига юрмаётгани учун” жавоб сифатида ҳам талқин қилмоқда. Бу фикрларга қандай қарайсиз?

— Май ойининг охири, июнь ойининг бошларида Россия бўйлаб Тожикистон фуқароларига нисбатан рейдлар бўлди. Бунинг ортида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги, бош прокурори муносабат билдирди. Лекин ҳозирги кунда тожикистонликларга нисбатан бундай рейдлар ҳақида гап йўқ. 18-25 июнь кунлари бутун Россияда ўтказилган рейдлар ва охирги Котелники шаҳридаги намойишкорона текширувлар ҳақида гап кетяпти. Биринчи босқич тугади деган хабар чиққан бўлса ҳам, ҳозир бошқа шаҳарларда текширув давом этяпти.