Ўзи нима гап?
3 июль куни ИИВ 7 минг дона планшет етказиб бериш бўйича тендерни якунлади. Давлат харидлари порталида маълум қилинишича, Литванинг Start Group компанияси Ўзбекистон ИИВ ходимлари учун тендерда ғолиб чиққан ва лот учун 3,61 млн евро (44 млрд сўм) таклиф қилган. Бир донаси тахминан 6,38 млн сўмга тушган планшетлар профилактика инспекторлари, ППХ ходимлари ва бошқа хизматлар ишини яхшилашга ёрдам бериши керак.
Сотиб олинган планшетлардан маъмурий баённомаларни рўйхатдан ўтказиш, қидирувда бўлган фуқаролар ва ўғирланган транспорт воситаларининг мавжуд маълумотлар базасига тезкор кириш, қидирувда бўлган шахслар асосида шахсни аниқлаш, ИИВ маълумотлар базасига киришни таъминлаш ҳамда матнли ҳужжатлар, фотосуратлар ва видеолар, овозли файлларни юборишда фойдаланиш кўзда тутилган.

Тендернинг бошланғич баҳоси 53,7 миллиард сўм этиб белгиланган. Танловда 9 та компания иштирок этди, улардан 7 таси тақдим этилган планшетлар намуналарида камчиликлар туфайли дисквалификация қилинган. Тендер комиссияси қолган иккита компаниядан Start Group’ни 3,61 миллион евро миқдоридаги суммаси билан ғолиб деб топди, бу ўша пайтда 44,66 миллиард сўмга тенг эди (шунда битта планшет нархи тахминан 6,38 миллион сўмни ташкил қилади).
7000 та планшет учун 50,5 миллиард сўм таклиф этган Solution Trade компанияси эса захира ғолиб деб топилган. Gazeta.uz’нинг ёзишича, комиссиянинг олти аъзосидан биттаси тендер натижаларига рози бўлмаган.

Техник топшириқда планшетларнинг операцион тизими Android 9 ёки ундан юқори версиялардан бирида бўлиши керак. Бундан ташқари, процессор частотаси камида 2 гигагерцга, ядролар сони камида 9 га тенг бўлиши белгиланган. Ташқи хотираси 64 гигабайтдан, оператив хотираси 4 гигабайтдан кам бўлмаган планшетда барча керакли драйверлар ўрнатилган бўлиши лозим.
Шунингдек, планшет бармоқ изларини таниш, штрих код ва QR-код, ID-карта ва паспорт маълумотларини ўқий олиш хусусиятларига, махсус сенсор қаламига эга бўлади. Экран 8 дюймли, ўлчамлари 1920х1200 пиксел бўлиши лозим.





















