10:32 / 15.07.2023
13518

Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш бўйича янги қоида жорий қилинди

Фото: KUN.UZ

«Ўзбекистон Республикаси самовий ҳудудида фуқаро ва экспериментал авиациясининг парвоз қилиш авиация қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги транспорт вазири буйруғи имзоланди.

Унга кўра, ҳужжат билан учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

2022 йил 15 ноябрдаги тегишли қарорга мувофиқ, мамлакат самовий ҳудудида фуқаро ва экспериментал авиациясининг парвоз қилиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилади.

Буйруқ билан тегишли авиация қоидаларининг 789-1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилади: дрон парвозини бажариш вақтида фуқаро авиацияси учувчисиз учадиган аппарат операторида ушбу аппаратни учишга тайёрлаш ва бошқаришга оид қўлланма бўлиши шарт.

Ҳужжатга билан, фуқаро авиацияси учувчисиз учадиган аппарати операторига берилган ҳуқуқий таъриф — учувчисиз учадиган аппаратни бевосита бошқарувчи шахс дея ўзгарган.

Аввалроқ дронлар учун рухсатномаларнинг амал қилиш муддатини текшириш хизмати ишга тушган. Унга кўра, QR-кодли рухсатномани сканерлаш ёрдамида маълумотлар ҳолатини текшириш мумкин.

2015 йилдан бошлаб Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан дронларни олиб кириш тақиқланган, алоҳида ҳолатлар бундан мустасно. 

Юридик шахслар махсус рухсатнома асосида дронларни олиб кириши ва ўз мақсадлари учун фойдаланиши мумкин. Ҳозир бу ҳуқуқдан асосан қишлоқ хўжалиги тармоқлари фойдаланади.

2022 йилнинг ноябрида ҳукуматнинг мамлакатда учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарори тасдиқланди. Мазкур ҳужжат билан учувчисиз учиш аппаратлари учун рухсат олиш тартиби қарорга мувофиқ амалга оширилади.

Top