Яна бир юлдузли футболчи Саудия Арабистонига кетиши кутилмоқда, Лукаку эса барчасини ўзи барбод қилди.

«Арсенал» супертрансфер амалга оширди

АПЛда янги трансфер рекорди ўрнатилди. Бу эртами кечми рўй бериши тайин эди, аммо бунда ким бундай харажат қилгани парадоксли вазият келтириб чиқаради. Бу «Манчестер Сити» ёки «Ньюкасл»нинг араб шайхлари ҳам, «Челси»нинг пулларини беҳуда сарфлайдигандек таассурот қолдираётган хўжайини Тодд Боэли ҳам эмас, балки узоқ йиллар зиқналик ва эҳтиёткорлик сўзларининг синонимига айланган «Арсенал» бўлди.

«Канонирлар» муқаддам шундай омиллар туфайли кўплаб юлдузларидан айрилганди, ўтган мавсумда эса драмани бошдан кечирди ва қўлидаги совринни бой бериб қўйди, шу туфайли ёзда таркибни кучайтиришга қарор қилди. Англия миллий жамоасининг асосий футболчиларидан бўлган Деклан Райс «Вест Ҳэм»дан бонуслар билан қўшиб ҳисоблаганда рекорд миқдордаги 105 миллион фунт стерлингга (122 млн евро) сотиб олинди ва лондонликларнинг бу ёздаги «Челси» форварди Ҳаверц (71 млн евро) ва «Аякс» ҳимоячиси Тимбердан (42 млн евро) кейинги учинчи харидига айланди.

Томас Парти ўрнига таянч яримҳимоясида ҳам, Жака ўрнига ҳужумкор яримҳимоячи вазифасида ҳам ўйнай оладиган ушбу 24 ёшли футболчи бунгача бутун фаолиятини «Вест Ҳэм»да ўтказганди ва янги клубида ҳам ўзининг севимли 41-рақамида тўп сурадиган бўлди.

«Милан» АҚШ миллий жамоасининг бош юлдузин трансфер қилди

«Милан» расман «Челси» вингери Кристиан Пулишични ўз сафига қўшиб олди. Трансфер қиймати 20 млн евро ва қўшимча бонуслардан иборат. Пулишич 2027 йил ёзига қадар шартнома тузди ва унда бу келишувни яна бир йилга узайтириш ҳуқуқи бўлади. Кристиан «Милан»да 11-рақамни ўзиники қилди. Америкалик вингер 2019 йилдан буён «Челси» сафида ўйнаб келаётганди, ундан олдин эса Дортмунднинг «Боруссия» клуби аъзоси бўлганди.

Аарон Рэмси уйга қайтди

«Арсенал»нинг собиқ яримҳимоячисининг фаолияти якунланиб бормоқда. «Ювентус»да ишлари юришмаган футболчи Рэмси энди «Ницца»ни ҳам тарк этди ва кутилганидек эркин агент сифатида «Кардифф Сити»да пайдо бўлди. Бу клуб 32 ёшли футболчи учун қадрдон клуб саналади — у айнан шу клубда тарбияланганди ва фаолиятини бошлаганди. Аарон билан шартнома икки йилга мўлжалланган.