Ушбу мунозаралар натижасини олдиндан айтиш қийин, бироқ бу масала бўйича якуний салбий қарор қабул қилинмаганининг ўзиёқ ушбу ракеталарни Украинага топшириш эҳтимоли мавжудлигидан далолат беради.

Украиналиклар бу ракеталарни 2022 йил ёзидан бери сўраб келади. ATACMS ракетаси, F-16 қирувчи самолёти билан бирга, Киев АҚШдан олишни хоҳлайдиган қуроллар рўйхатида биринчи ўринда туради.

Киев аллақачон Ғарбдан асосий жанговар танклар ва замонавий ҳаво мудофаа тизимларини олишга эришди. Кўплаб расмий хабарларга кўра, Украина тез орада F-16 қирувчилари ҳам қабул қилади.

Ва ниҳоят, Украина қуролли кучлари Буюк Британиядан 250 километр масофагача учадиган Storm Shadow қанотли ракеталарини олмоқда. 11 июл куни Франция ҳам ушбу қуролнинг SCALP деб номланган ўз версиясини Украина етказиб беришни режалаштираётганини эълон қилди.

Украина 200 километрдан ортиқ масофага ҳаракатланадиган бошқа ракеталар, масалан, французларнинг SCALP ракетасини ҳам олади

«Узун қўл»

Матбуотда бундай ракеталар одатда «узоқ масофали» деб аталади, аммо бу жуда тўғри эмас.

Бу ракеталар HIMARS тизимларининг юқори аниқликдаги GMLRS ракеталаридан узоқроққа, яъни 90 километрдан узоқдаги нишонларга зарба бериши мумкин бўлган ракеталар ҳақида гап кетаётгани тушунарли бўлиши учун шундай номланган. Украина 2022 йил ёзидан бери GMLRS ракеталаридан фойдаланяпти.

ATACMS баллистик ракеталари расмий равишда GMLRS, Россиянинг «Точка У» ва «Искандар» ёки Украинанинг «Олха» ракеталари билан биргаликда тезкор-тактик ракеталар синфига киради. Тезкор-тактик ракеталар синфидан кейинги қисқа масофали баллистик ракеталар синфига кирувчи ракеталарнинг учиш масофаси 500 километрдан бошланади.

ATACMS ракеталари Украинадаги уруш орқали машҳур бўлган GMLRS ракеталари билан бир синфга тегишли бўлса-да, уларнинг баъзилари 300 километргача, яъни 200 километрдан кўпроқ масофадаги нишонларга зарба бера олади.

ATACMS’ни GMLRS билан таққослаш мутлақо ўринли — улар бир хил отувчи тизимлардан: HIMARS ва M270 MLRS’дан учирилади, фақат бунда олтита кичик ракетали отиш контейнери ўрнига битта катта ракетали отиш контейнери ишлатилади.