Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Таъминот ва логистика хизмати” ДУК томонидан жорий йил 24 июн куни компютерлар хариди учун 5 та лотда жами 94,7 млрд сўмлик тендерлар ўтказилган.
Уларнинг иккитасини битта фирма, яна иккитасини эса бир одамга тегишли иккита фирма ютиб олган. Бир ҳолатда эса тендер ўтказиш шартлари бузилган бўлиши мумкин.

1-ҳолат. 11,6 млрд сўм
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги мактаблар учун компютер ва бошқа техник воситалар харид қилиш мақсадида 11 млрд 880 млн сўм бошланғич нарх билан тендер ўтказилган. Унда “IT Matrix” МЧЖ ғолиб деб топилган ва у билан 11 млрд 650 млн сўмлик шартнома имзоланган.
Бу маблағ эвазига юқоридаги ҳудудларга ўқитувчи ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари учун 138 дона ҳамда ўқувчилар учун 1035 дона компютер, 69 дона принтер ва бошқа техник воситалар етказиб бериш кўзда тутилган.
“IT Matrix” МЧЖ 2018 йил давлат рўйхатидан ўтказилган. Фаолият тури – ёғоч, қурилиш материаллари ва санитария-техник ускуналар улгуржи савдоси. Таъсисчиси – Зиёд Усмонов.


2-ҳолат. 22,2 млрд сўм
Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятларидаги мактаблар учун компютер ва бошқа техник воситалар харид қилиш мақсадида 22 млрд 398 млн сўм бошланғич нарх билан тендер ўтказилган. Тендерда “Rower Systems” МЧЖ ғолиб деб топилган ҳамда у билан 22 млрд 295 млн сўмлик шартнома имзоланган.
Шартномага кўра, ғолиб фирма ушбу маблағ эвазига юқоридаги ҳудудларга ўқитувчи ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари учун 260 дона ҳамда ўқувчилар учун 1950 дона компютер, 130 дона принтер ва бошқа техник воситалар етказиб бериш кўзда тутилган.
“Rower Systems” МЧЖ 2014 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган. Унга Отабек ва Бахтиёр Абдувалиевлар эгалик қилади. МЧЖ техника ва ускуналар улгуржи савдоси билан шуғулланади.


















