14:22 / 19.07.2023
5681

АҚШ Қирғизистонга қарши санкциялар жорий этишга тайёрланмоқда 

Вашингтон Қирғизистон Россияга ғарб санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам бераётганидан норози. Бишкекка қарши чоралар июль ойидаёқ жорий этилиши мумкин, деб ёзади The Washington Post. 

Фото: AP

АҚШ ғарб санкцияларини четлаб ўтишда Россияга ёрдам бергани учун Қирғизистонга нисбатан чеклов чораларини қўллашга тайёрланмоқда, деб ёзади The Washington Post (WP) 18 июль, сешанба куни АҚШ маъмуриятидаги манбаларига таяниб. Нашр суҳбатдошларига кўра, Бишкекка нисбатан чеклов чоралари июль ойидаёқ жорий этилиши мумкин. Манбалар гап қандай чоралар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади, бироқ бундай ҳолларда аввалроқ санкциялар ва компанияларнинг қора рўйхати қўлланилганини эслатди. 

Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ва ундан кейинги санкциялардан сўнг Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси ғайритабиий даражада ўсди, дея қайд этади WP. Тахминларга кўра, ушбу давлатлар, жумладан, Қирғизистон орқали Россияга тўғридан тўғри экспорт қилиш тақиқланган маҳсулот етказиб берилади.

The Washington Post Қирғизистоннинг АҚШдаги элчихонаси билан изоҳ учун боғланди, у ерда Бишкек ноқонуний савдога қарши курашнинг қатъий тарафдори эканлиги билдирилган. Дипломатик миссия Россия билан товар айирбошлашнинг ўсишини, жумладан, чегарадан ўтаётган товарларни кузатиш тизими такомиллаштирилгани билан боғлади. Шунингдек, элчихона Россия Қирғизистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири бўлиб, Россия ҳудудида бир миллионга яқин Қирғизистон фуқароси истиқомат қилаётганини эслатган.

Top