Жаҳон | 11:59 / 20.07.2023
10973
3 дақиқада ўқилади

«Вагнер» ХҲК Украинада 22 минг ёлланма аскарини йўқотди

Украинадаги уруш пайтида «Вагнер» ХҲКдан деярли ҳар учинчи ёлланма аскар ҳалок бўлди, дея хабар берди ушбу тузилма қўмондонларидан бири. Маълум қилинган йўқотишлар Афғонистондаги бутун СССР уруши қурбонлари ҳақидаги расмий рақамлардан ошиб кетади.

Фото: Reuters

Украинадаги уруш пайтида Россиянинг «Вагнер» ХҲК деярли 22 минг кишини йўқотди - деярли ҳар учинчи ёлланма аскарни. Бундай йўқотишлар 2022 йил феврал ойида Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан то 2023 йил май ойида Бахмут эгаллаб олинмагунча бўлган, деди ХҲК қўмондонларидан бири, Маркс чақириқ белгиси бўлган жангчи 19 июл, чоршанба куни кечқурун 19 июль, чоршанба куни кечқурун ХҲКга яқин бўлган «Разгрузка Вагнера» Telegram-каналида. 

Ёлланма аскарлар штабига қўмондонлик қилаётган Маркснинг сўзларига кўра, уруш вақтида «Вагнер» орқали жами 78 минг киши ўтган, улардан 49 минг нафари - Россия колонияларидан келган маҳкумлар, 40 минг киши яраланган. 

Каналда эълон қилинган «Вагнер» ХҲКнинг йўқотишлари Афғонистондаги бутун уруш давомида ҳалок бўлган совет ҳарбийларининг расмий сонидан (15 051 киши) 46 фоизга ва Россия армиясининг Биринчи чечен урушидаги йўқотишларидан тўрт баравар кўпдир, дея таъкидлайди мустақил матбуот. 22 минг аҳолиси бўлган шаҳар Россиянинг Бологое, Омутнинск ва Ряжск каби юзлаб турли шаҳарларидан каттароқ бўлар эди. 

ХҲК қўмондони томонидан эълон қилинган йўқотишлар Россияда расмий ва ярим расмий манбалар томонидан эълон қилинганлар орасида энг юқори кўрсаткичдир. Москва ҳалок бўлганлар ҳақида сукут сақламоқда. Россия Мудофаа вазирлиги охирги марта 2022 йил сентябрида ҳалок бўлганларнинг умумий сони 5937 кишини ташкил этганини келтирган. 

Ўша пайтда бундай баҳолаш ҳатто Украина урушини қўллаб-қувватлаган Россия ҳамжамиятида ҳам танқид қилинган: гап урушда қатнашаётган бошқа куч тузилмалари ва бўлинмаларини ҳисобга олмаган ҳолда, фақат Россия армиясининг ҳарбий хизматчилари ҳақида кетгани таъкидланган. 

Июл ойида «Медуза» ва «Медиазона» нашрлари Украинадаги 15 ойлик урушда 47 мингга яқин россиялик аскар ҳалок бўлгани айтилган тадқиқотни эълон қилган эди. Агар бу ҳисоб-китоблар ва вагнерчилар каналидаги хабар тўғри бўлса, Украинада ўлдирилган деярли ҳар иккинчи россиялик - бу «Вагнер» ХҲК ёлланма аскари. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид