«Беларус армиясини дунёдаги иккинчи армияга айлантирамиз». «Вагнер»нинг Беларусга келиши ҳақида нималар маълум?
«Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг қисқа муддатли исёнга уринишидан буён илк видеомурожаати пайдо бўлди. Унинг ўзи вагнерчилар «Беларус ери»га келганини тасдиқлаган. BBC сунъий йўлдош тасвирлари орқали хусусий ҳарбий компания жангчилари лагери Могилев областининг Цел қишлоғида жойлашганини аниқлади. Пригожиннинг Беларусга «кетиши» исён кутилмаганда тўхтаб қолганида компания ва Кремл ўртасида тузилган келишув шартларидан бири бўлганди.
«Салом, йигитлар. Сизларни кўриб туришдан мамнунман. Беларус диёрига хуш келибсиз», — дейди қош қорайганда олинган видеода жуссаси ва овози Евгений Пригожинни эслатадиган одам. У «Вагнер» ёлланма жангчиларига мурожаат қилган. Бунга жавобан зулмат ичидан тушунарсиз ҳайқириқлар эшитилади. Видео чоршанба куни кечқурун мазкур хусусий ҳарбий компанияга яқин бўлган «Разгрузка Вагнера» ва «Оркестр Вагнера | Wagner» каби телеграм-каналларда тарқатилди. Бу Пригожиннинг РФ мудофаа вазирлигига қарши исёни ва Москва томон якунига етмай қолган юришидан буён илк видеоси бўлди.
Пригожин ХҲК жангчилари Беларусга ташланганини қандай изоҳлади?
«Сиз муносиб жанг қилдингиз, Россия учун жуда кўп иш қилдингиз», — дейди у видеода. Кейин эса ёлланма жангчилар нима учун Беларусга юборилганини тушунтира бошлайди: «Ҳозир фронтда содир бўлаётган воқеалар — биз унда иштирок этишимиз шарт бўлмаган шармандаликдир. Ва биз ўзимизни тўлиқ намоён қилиш мумкин бўладиган вақтни кутамиз. Шунинг учун биз бироз вақт бу ерда, Беларусда бўлишга қарор қилдик. Бу вақт ичида биз Беларус армиясини дунёдаги иккинчи армияга айлантирамиз, мен бунга аминман. Агар агар керак бўлса, уларни ҳимоя қиламиз».
У ўз нутқини якунлагач, йиғилганларга «Вагнерга ном берган командир»ни таништиради. ХҲК билан алоқадор телеграм-каналлар бу «афсонавий Дмитрий Валерьевич Уткин» эканини тасдиқлаган. Гап «Вагнер» ХҲК асосчиларидан бири ҳақида бормоқда, гуруҳга унинг лақаби берилган. Видеода Уткин ўзини «ўша Вагнер» деб атайди. Оломон уни гулдурос қарсаклар ва ҳайқириқлар билан кутиб олади.
«Амалга оширилган ишлар учун барчага катта раҳмат. Бу ишлар туфайли «Вагнер» ХҲК номи бутун дунёга танилди. Йигитлар, сизга катта раҳмат, — дейди у видеода. — Бу якун эмас, бу тез орада бошланадиган катта ишларнинг дебочаси, холос. Хўш — welcome to hell (дўзахга хуш келибсиз)».
Беларусга қанча ёлланма жангчилар келган?
Видео кун ботган маҳалда олинган – қоронғида Пригожин қаршисида саф тортган ёлланма жангчилар сонини аниқ айтиш қийин. Сешанба куни хусусий ҳарбий компания Беларусга 10 минггача жангчи йўл олгани ёки етиб боргани ҳақида маълумот берганди. Бундан икки кун олдин эса «Беларускi Гаюн» лойиҳаси мамлакатга камида икки минг жангчи етиб келганини ёзганди.
Россия қамохоналарида Украинадаги уруш учун ёлланганлар ҳозирча Беларусга бормаган бўлиши мумкин. «Важные истории» журналистлари вагнерчиларнинг қариндошлари мулоқот қиладиган чатлардаги суҳбатларни ўрганган ҳолда шундай хулосага келган.
Нашрнинг ёзишича, ХҲК қўмондонлиги гўёки ёлланма жангчилар сафларидаги барча собиқ маҳбусларни уйларига қўйиб юборишга қарор қилган. Чатлардаги ёзишмаларга кўра, судланган вагнерчиларнинг аксари Анападаги меҳмонхоналарга жойлаштирилган — бу ерда улар ваъда қилинган афвни кутишмоқда.
«Улар шартнома муддати тугагунига қадар ҳаммани Анапага олиб кетишди, уларни эртароқ қўйиб юборишмайди, кунигача аниқ! <…> К проекти тўлиқ ёпилган (ХҲК ичида қамоқхоналардан маҳбусларни ёллаш тизими шундай аталади — тарж)», — дея «Вагнер» ХҲК вакилининг сўзларини келтирган журналистлар. Буни тасдиқловчи бошқа манба йўқ.
Шу билан бирга, ёлланма жангчилардан бирининг қариндоши бўлган суҳбатдошнинг сўзларига кўра, «барча маҳбуслар меҳмонхонадан уйларига қўйиб юборилади, кейин эса улар истаса, Беларус ёки Африкага бориш учун ХҲК билан шартномани узайтириши мумкин».
Пригожин ўз мурожаатида вагнерчиларни Африкага юбориш режалари ҳақида ҳам айтиб ўтган ва уларни «ўз даражаси»ни оширишга чақирганди. «Ва янги йўлга, Африкага. Эҳтимол, махсус амалиёт ҳудудига ҳам қайтармиз — ўзимиз ва тажрибамизни шарманда қилишга мажбур бўлмаслигимизга ишонч ҳосил этганимиздан кейин», — деган у.
«Вагнер» ХҲК базаси қаерда?
«Беларускi Гаюн» проекти суриштирувчиларининг тасдиқлашича, «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари Беларусга 11 июлдан кира бошлаган. Ўтган ҳафтада ушбу мамлакат мудофаа вазирлиги вагнерчилар Могилев областида, Минскдан юз километр масофадаги Осиповичи шаҳри яқинидаги лагерда беларус ҳарбийлари ва ҳудудий мудофаа кучлари учун машғулот ўтказаётгани ҳақида маълумот берди.
«Ҳарбий хизматга чақирилганлар жанг майдонида ҳаракатланиш ва тактик ўқ отиш кўникмаларини, муҳандислик тайёргарлиги ва тактик тиббиёт бўйича билимларни эгаллашади. «Вагнер» ХҲК жангчилари қатор ҳарбий фанлар бўйича инструкторлик қилишади», — дейилган мудофаа вазирлиги хабарида.
Пригожин ва Уткиннинг вагнерчиларга мурожаати видеоси ҳам катта эҳтимол билан Могилев областида олинган. BBC Verify (BBC’нинг маълумотларни текшириш билан шуғулланувчи бўлими) олган сунъий йўлдош тасвирларида 18 июл куни Беларус жанубида, Минскдан тахминан 103 км масофадаги Цел қишлоғида жойлашган ташландиқ ҳарбий базада юк машиналари, бошқа ҳарбий транспорт воситалари ва логистика воситалари пайдо бўлганини кўриш мумкин. BBC Verify томонидан қайд этилишича, видеодаги чодирлар, дарахтлар ва биноларнинг жойлашуви лагернинг ғарбий чеккасидаги ҳудудга тўғри келади. Сунъий йўлдош тасвирларига кўра, Целда икки ҳафта ичида 300 га яқин чодирлар ўрнатилган.
Вагнерчилар Цел қишлоғига жойлаштирилгани ҳақида 18 июл куни «Беларускi Гаюн» ҳам ёзганди: унинг маълумотларига кўра, колоннада камида 90 машина бўлган — уларда асосан «ЛХР» рақамлари акс этган, баъзида «ДХР» ва Россия рақамлари учраган, айрим машиналарда умуман номерлар бўлмаган.
Беларус, Полша ва Украина қандай муносабатда бўлмоқда?
Видеода Пригожин беларуслар вагнерчиларни «нафақат қаҳрамонлар каби, балки оға-инилардек» кутиб олганини айтади. «Айтишларича, маҳаллий қизлар дўконларда Вагнер келгани ҳақида суқланиб пичирлашишмоқда. Аммо улардан ҳеч бирини хафа қилмасдан, эҳтиёткорлик билан.
Шунинг учун уларга биродарларча муносабатда бўламиз», — деган ХҲК раҳбари. Унинг сўзлари ёлланма жангчилар орасида дўстона кулги кўтарган.
Исён вақтида ХҲК ва Россия ҳукумати ўртасида Александр Лукашенко воситачилик қилганди, айнан у Пригожинга ва ҳарбийларига Беларусга ўтишни таклиф қилганди, шунинг учун Беларус ҳукуматининг ХҲК жангчилари уларнинг ҳудудига келиб жойлашишига муносабати олдиндан кутилганидек бўлди. Қолаверса, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков айтганидек, Пригожин ва Лукашенко анчадан буён таниш. «Женя Пригожин. Мен уни шундай атайман: Женя, – деганди Лукашенко Пригожин ҳақида 2020 йилда. – У билан алоқаларимиз жуда яхши. Жудаям».
Энди, Беларус томони баёнотига кўра, уларнинг ҳарбийлари ва ХҲК «Брестский» полигонида биргаликда шуғулланишади. Бу полигон Украина ва Полша билан чегарага яқин жойлашган. «Оркестре Вагнера» пайшанба куни машғулотдан олинган бир қанча фотосуратларни қуйидаги ёзув билан намойиш этди: «Беларуслик ҳарбийлар «Вагнер» ХҲК жангчилари билан Полша чегараси яқинидаги «Брестский» полигонида жанговар тайёргарлик машқларини ишлаб чиқишмоқда. Дуда [Полша президенти] асабийлашмоқда».
Полша мудофаа вазирлиги шарқий чегарадаги вазиятни кузатиб бораётгани ва «воқеаларнинг турли сценарийларига тайёрлиги»ни билдирган.
Украина чегарачилари 20 июл куни Беларусдаги вагнерчилар сони ҳозирда Украинага таҳдид сололмаслигини маълум қилди.
Мавзуга оид
21:16
Лукашенко Беларусда норозилик намойишлари такрорланса, интернетни «бутунлай ўчириб қўйиш» билан таҳдид қилди
20:52 / 20.11.2024
Лукашенко яна 32 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
01:38 / 19.11.2024
Лукашенко 21 нафар собиқ кучишлатар тизимлар вакилларини унвонидан маҳрум қилди
20:18 / 16.11.2024