Ўзбекистон | 10:08 / 22.07.2023
9294
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда газ қазиб олиш камайди, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса ошди

Жорий йилнинг биринчи ярмида газ қазиб олиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,6 фоизга ёки 2,51 млрд куб метрга қисқарди. Электр энергияси ишлаб чиқариш эса 4,3 фоизга ёки 1,57 млрд кВт соатга кўпайган.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Статистика агентлиги 2023 йилнинг январь-июн ойларидаги саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларни эълон қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки 6 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 23,56 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,51 млрд куб (2022 йилнинг январь-июнь ойларида 26,07 млрд куб метр бўлган) ёки 9,6 фоизга қисқарган.

2023 йилнинг январь-июнь ойларидаги газ қазиб олиш кўрсаткичлари:

  • Январь – 4,31 млрд куб;
  • Февраль – 3,85 млрд куб;
  • Март – 4,16 млрд куб;
  • Апрель – 3,94 млрд куб;
  • Май – 3,6 млрд куб;
  • Июнь – 3,7 млрд куб.

Маълумот учун, 2022 йилда ҳам газ қазиб олиш 53,8 млрддан 51,66 млрд куб метргача ёки 4 фоизга камайганди.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда газ қазиб олишнинг қисқариши ва ички бозорда талаб ортиб бораётгани сабабли хорижга табиий газ сотишни жиддий қисқартирди. Хусусан, 2020 йилда Россияга экспорт бутунлай тўхтатилди ва Хитойга етказиб бериш ҳажми камайди. Аксинча, Энергетика вазирлиги берган маълумотларга кўра, жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Россиядан кунига 9 млн куб метр газ экспорт қилишни бошлайди. Йиллик ҳажм тахминан 2,8 миллиард кубометрни ташкил қилади.

Шунингдек, ҳисобот даврида кўмир қазиб чиқариш 7,1 минг тоннага, газ конденсати ишлаб чиқариш 47 минг тоннага камайган бўлса, нефть қазиб олиш 7,9 минг тоннага ошган.

Биринчи ярим йилликда электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,3 фоизга ёки 1,57 млрд кВт соатга ошган. Хусусан, 2022 йилнинг январь-июнь ойларида 36,5 мрлд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 38 млрд кВт соатга етган.

2023 йилнинг дастлабки 6 ойида 650,9 минг тонна автомобиль бензини (ўсиш –15,7 фоиз), 539,4 минг тонна дизель ёқилғиси (ўсиш – 2 баробар) ишлаб чиқарилган.   

Мавзуга оид