Резниковнинг сўзларига кўра, юриш тез бўлиши керак деган тасаввур ҳақиқатга тўғри келмайди.

Украина мудофаа идораси раҳбари мамлакат қуролли кучларининг юриши кутилганидан кўра секин ривожланаётганининг бир қанча сабабларини, жумладан ўқ-дори етишмовчилиги, снарядлар ва артиллерия тизимлари етишмовчилигини айтиб ўтди.

«Бу ҳаво ҳужумидан мудофаа масаласи. Бу шунингдек фронт чизиғи жуда узунлиги масаласи ҳам. Ва бизга қарши кўп сонли душманлар курашмоқда. Уруш шунақа. Бу компютер ўйини эмас», — деган Резников СNN телекомпанияси учун ўтган ҳафта охирида берган интервюсида.

Украина қуролли кучлари июн ойи бошида юриш амалиётларини бошлаганди, аммо шу вақтгача Россия армияси мудофаа чизиқларини тезлик билан ёриб ўта олмади.

Украин ҳарбийлари асосий ҳаракатларни фронтдаги учта участкага жамлаган, булар Бахмут атрофи, Донецк ва Запорижжя областлари туташган ҳудуд (Велика Новосилка қишлоғидан жанубдаги «Времевка бўртиғи» деб аталувчи ҳудудлар), шунингдек Орихив шаҳридан жанубдаги ҳудуд.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, қарши ҳужумнинг биринчи тўлқинида маълум миқдорда техникалар, жумладан ғарб томонидан етказиб берилган танклар ва зирҳли пиёдалар машиналари йўқотилгач, украин ҳарбийлари тактикани қайта кўриб чиқишган. Уларнинг фикрича, эндиликда Украина қуролли кучлари Россия қўшинларини тизимли равишда йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда ва рақиб мудофаасида муаммолар пайдо бўлиши билан бундан фойдаланишга киришишни кўзлаган.

Украина қуролли кучларининг юриши режалаштирилганидан секинроқ кечаётганини июн ойи охирида BBC билан суҳбатда Украина президенти Володимир Зеленский ҳам айтиб ўтганди.

Резников СNN телеканалига «генераллар, командирлар жанг майдонидаги реал вазиятни яхшироқ кўриши»ни айтган. «Яна бир бор такрорлашим керакки, биз учун асосий қадрият — ҳарбийларимизнинг ҳаётидир», — дея қайд этган вазир.

СNN Украина қуролли кучлари асосий юриш ҳаракатларини олиб бораётган жанубий фронтдаги вазият асосан россияликлар томонидан миналаб ташланган кенг майдонлар туфайли мураккаблигича қолаётганини қайд этган.

Резниковнинг сўзларига кўра, украин ҳарбийлари далалардаги сўқмоқлар бўйлаб ҳаракатланиб, йўлларни миналардан қўлда тозалашига тўғри келмоқда. Мудофаа вазирига кўра россияликларда «миналанган жиддий ҳимоя ҳудуди» мавжуд ва улар орқали «ёриб ўтиш жуда қийин».

«Биз чинакамига юриш ҳаракатларига йўлаклар тайёрлаш учун ўз ҳарбийларимиз, сапёрларимиздан фойдаланишимиз, миналанган майдонларни аста-секинлик билан тозалашимиз керак», — деган Резников.