“Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунга қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

“Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонун 3-боби 271-модда билан тўлдирилади. У қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ушлаб турилганларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ.

Ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши тўғрисида суднинг ажрими қабул қилинган шахс тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин давлат соғликни сақлаш муассасасида унда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилганлиги натижасида олинган жароҳатларни, шикастланишларни ва яраларни аниқлаш мақсадида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсни давлат соғлиқни сақлаш муассасасида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш учун суднинг ушлаб турилган шахсга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажримида ушбу шахсни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги топшириғи асос бўлади.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсни давлат соғлиқни сақлаш муассасасига мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш учун етказиш қўриқлов остида амалга оширилади.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсни давлат соғлиқни сақлаш муассасасида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш уни қўриқлаётган (конвой қилаётган) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари (ҳарбий хизматчилари) ҳамда мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилаётган шахснинг адвокати иштирокида амалга оширилади.

Давлат соғлиқни сақлаш органларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни амалга оширишга рухсат берилган тиббиёт муассасалари рўйхати, тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби ва тиббий текширув натижаларига доир хулосанинг шакли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан келишилган ҳолда белгиланади.

Мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни амалга оширишга рухсат берилган тиббиёт муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш жойи, шунингдек мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиладиган шахсни қўриқлаш тартиби Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Давлат хавфсизлиги хизмати ва Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан келишилган ҳолда белгиланади.

Мажбурий тиббий кўрик тиббиёт муассасаси томонидан суднинг ушлаб турилган шахсга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажрими ва унда кўрсатилган шахснинг шахсини тасдиқловчи (идентификацияловчи ID-картаси, паспорти ёки шахсни тасдиқловчи бошқа) ҳужжати асосида ўтказилади.