Президент фармони билан республикада фаолият юритувчи давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиаллари бакалавриати ва магистратурасига қабул бир ўқув йилида бир марта (июнь — сентябрь ойлари оралиғида) амалга оширилиши белгиланди.
Фармондаги ўзгаришга кўра, зарур ҳолларда, олий таълим ташкилотлари магистратурасига бир ўқув йилида иккинчи марта қабул қилишга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг таклифига асосан Давлат комиссияси томонидан рухсат этилганда йўл қўйилади.
Бироқ “Таълим тўғрисида”ги қонунга кўра, нодавлат таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби ушбу таълим ташкилотлари томонидан белгиланиши керак.
Қонундаги айни мана шу талабнинг бузилиши таълим фаолларининг эътирозига сабаб бўляпти.
Йилига бир неча марталик қабул – кенг тарқалган амалиёт
Таълим бўйича эксперт Комил Жалиловнинг қайд этишича, янги тартибнинг саволли ўринлари кўп.
“Шу пайтгача айрим нодавлат ОТМ ва хорижий ОТМ филиаллари йил давомида бир неча марта қабул эълон қилган. Масалан, Webster университети йилда 3 марта қабул қилиб келган, ТЕАМ университетида ҳам қишки қабул бор эди. Умуман, бу (йил давомида бир неча марта талабаларни қабул қилиш) бутун дунёда кенг тарқалган амалиёт саналади.
Фармон лойиҳасини тайёрлаган ва “тепа”га киритган идора [Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги] мазкур ҳужжатнинг ўзидан юқорироқ юридик кучга эга бўлган ҳужжат — қонунга қай даражада мослигини таҳлил қилганми?” деб ёзади Комил Жалилов.
“Хусусийларга иккинчи вариант сифатида қараш йўқолади”
Таълим соҳасида тадбиркор Бектош Ҳотамов эса бу қарор тўғри бўлгани ҳақида муносабат билдирди. Сабаби “абитуриентлар одатда нодавлат ёки хорижий олийгоҳларни давлатникидан йиқилиб қолса, иккинчи вариант сифатида кўришар эди.
Эндиликда нодавлат ва хорижий олийгоҳларга ҳам бир хилда қарашади”.

















