Ҳар бир жамиятнинг ижтимоий психологияси, яъни психологик ҳолати мавжуд. Жумладан, жамиятнинг давлатга, ҳокимиятга ва давлат мулозимларига бўлган муносабатини кўрсатувчи қарашлари бўлади. Жамиятнинг ҳукуматга ишончи ёки ишончсизлигига ўтмишдаги муносабатлар сабаб бўлади.

Хўш, бугун ўзбекистонликларнинг давлатга, ҳукуматга муносабати қандай? Халқнинг давлатга ишонч даражасини қандай баҳолаш мумкин? Афсуски, бизда бу борада аниқ ва ишончли жавоб бера оладиган социологик тадқиқотлар мавжуд эмас. Бу 36 миллионлик Ўзбекистон учун – катта нуқсон. Лекин, бундай социологик тадқиқотларнинг йўқлиги, масаланинг долзарблигини пасайтирмайди.

Нима учун замонавий дунёда жамиятнинг давлатга ишонч даражасини кузатиб бориш муҳим? Чунки бу билан жамиятнинг ҳолатини, потенциал хатти-ҳаракатларини таъбир қилиш мумкин. Ижтимоий барқарорликнинг қанчалик табиий эканини билишга, шунингдек, давлатнинг легитимлиги нақадар мустаҳкам ёки заиф эканини тушунишга имкон беради.

2016 йилга қадар Ўзбекистонда давлат ва жамият ўта қутблашган нуқталарда эди. Давлат жамиятни эшитишни эмас, уни бостиришни, қўрқитишни – самарали бошқарув усули сифатида кўрарди. Ҳокимият ижтимоий тафаккурни янги қўрқув порциялари билан бойитишни, бошқарув технологияси сифатида ўзлаштирган эди. Одамлардаги норозиликдан кўра, қўрқув даражаси каттароқ эди. Барқарорлик формуласи эди бу.

Натижада жамиятда ҳам давлат билан курашиш зеҳнияти чуқур илдиз отганди. 1991-2016 йиллар давомида, Ўзбекистон ижтимоий тафаккурида “демократия бўлиши учун, давлатни заифлаштириш, уни йиқитиш керак, шундагина реал демократик ислоҳотларга имконият очилади”, деган қараш шаклланиб борди.

Бундай қарашнинг шаклланишида, жуда кўплаб омиллар рол ўйнади. Жумладан, ахборот ташаббусининг Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетгани, хориждаги мухолифат, сиёсий тизим доирасида халқ билан мулоқот имкониятларининг ниҳоятда торайиб кетгани ва энг асосийси – давлат ўта ёпиқ ва репрессив корпорацияга айланиб қолгани эди.

2016 йилда, ҳокимият ўзгаргач, иккинчи маъмурият олдинги сиёсий тизимга ўта танқидий баҳо берди. Бу танқидий баҳолар жамиятнинг яширин, лекин чуқур қарашлари билан бир хил ёки яқин эди. 2016 йилдан бошлаб, кучишлатар тизимлар репрессив моделдан чиқиш топшириғини олишди. Айни пайтда бу тузилмалар жамиятдаги хавфсизлик ва барқарорликни ушлаб туришлари лозим.

Юқорида айтилган “демократияга эришиш учун ҳозирги ҳокимият алмашиши керак” деган қараш қанчалик ўзгарди ва агар ўзгарган бўлса, бу қарашнинг ўрнида қандай позиция шаклланди?