Ўзбекистон | 12:02 / 30.07.2023
8028
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада караоке кафесида содир бўлган ёнғиндан сўнг ертўлалардаги ёнғин хавфсизлиги текширилади

Фарғона шаҳрида жойлашган караоке кафесида юз берган ёнғин оқибатида 6 нафар фуқаро ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди. ФВБ матбуот хизмати бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда камчиликларни аниқлаш юзасидан ишчи гуруҳ ҳамда штаб ташкил қилинганини билдирди.

Қайд этилишича, 29 июл куни вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси биносида вилоят ишчи гуруҳи ҳамда штаб ташкил қилинди. Ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан ўша куннинг ўзида ушбу 25 та тузилган ишчи гуруҳнинг ҳар бирига 11 нафардан мутахассислар бириктирилди ва Фарғона шаҳридаги 73 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги кўп қаватли турар жой биноларининг ертўла қисмида тадбиркорлар томонидан ташкил этилган  савдо ва маиший хизмат кўрсатиш  шохобчалари, ўқув марказлари, кўнгилочар сервис шохобчаларининг ёнғин хавфсизлиги ва санитария ҳолатини хатловдан ўтказиш вазифаси белгилаб олинди.

Фарғона шаҳар «Машъал» МФЙ Сайилгоҳ кўчасидаги тўрт қаватли бинонинг ертўласида жойлашган караоке кафесида ёнғин 29 июл куни содир бўлганди. Воқеа жойига 6 та ёнғин-қутқарув экипажи 11:44 да етиб бориб, ёнғин соат 11:48 да қуршаб олиниб, соат 11:56 да тўлиқ бартараф этилганди.

Ҳодиса оқибатида 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 7 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган.

Президент топшириғига асосан содир бўлган воқеани ўрганиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган. Ўрганиш ишлари давомида, дастлабки маълумотларга кўра, 6 нафар фуқаро ёнғиндан чиққан тутундан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлган. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид