Адвокат Раззоқ Алтиев, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ва психолог Бобоёр Тўраев Kun.uz’га берган интервьюсида Ўзбекистонда белгиланган иш вақти меъёрларига амал қилинмаслиги ва бунинг оғир оқибатлари ҳақида гапирди.

 

https://www.youtube-nocookie.com/embed/L5-plyZJ2fQ?start=772

— Ўзбекистондаги давлат идораларида кадрларнинг соғлиги, ҳуқуқлари нега қадрланмайди? Шунингдек, иш жараёнига замонавий ишлаш қоидаларини, креативликни киритиш бизда нега бу қадар қийин кечмоқда?

Раззоқ Алтиев:

Биринчидан, ўзбек меҳнат бозорида рақобат муҳити мавжуд эмас. Нуфузли касб деб қабул қилинадиган касблар давлат хизматлари билан боғлиқ. Хусусий сектор ҳам ривожланяпти, тўғри. Аммо барибир алтернативлар йўқ бизда. Иш берувчини танлаш имкони қолмагандан кейин ҳар қандай яхши кадр ҳам қадрсизланади. Ҳақиқий меҳнат бозори яратилса, ходимда танлов бўлади. Хусусий сектор ривожланиб, алтернативлар кўпаймаса, муаммо қолаверади.

Иккинчидан, ходимларга қонуний кафолат етарли эмас. Ҳамма ташкилотда касаба уюшмалари ишлайди. Лекин улар ҳам бошқалар сингари 8 соатдан кўп ишлайди. Федерация бирор марта бирор ташкилот ишчиларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққанини кўрмадик ё эшитмадик. Ваҳоланки, бу ташкилот ҳар ой Ўзбекистондаги барча давлат идоралари ишчилари ойлигининг 1 фоизини олиб туради. Республика миқёсида олинса, бу жуда катта суммага айланади. Энди тасаввур қилинг, бизда аксарият ходимлар пенсияга чиққунча ҳам касаба уюшмасига бирор марта мурожаат қилмайди.

Меҳнат қонунчилигини бузганлик учун ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик бор. Лекин жиноий жавобгарлик билан боғлиқ ҳолатлар умумий статистиканинг 1 фоизини ҳам ташкил этмайди. Ваҳоланки, бизда ҳамма жойда бор бундай раҳбарлар. Демак, бизда ҳали етарли тажриба ҳам йўқ.

Абдураҳмон Ташанов:

— Айнан бир сабабларни келтириш қийин. Лекин айтилганидек, соғлом меҳнат бозори йўқ биринчи навбатда. Бирор ходим ҳуқуқини талаб қилиб қолса, унинг ўрнига кўз тиккан, пулини, порасини бераман деб турган ўнлаб одамлар бор.