Иқтисодиёт | 14:40 / 01.08.2023
18566
3 дақиқада ўқилади

Инфляция қарийб 7 йил ичида илк марта 9 фоиздан пасайди

Ўзбекистонда, 2023 йил июл ойи ҳолатига, охирги бир йил ичидаги расмий инфляция 8,9 фоизга тушгани маълум қилинди. Шу тариқа, 2016 йил август ойидан (8,6) кейинги даврда инфляция биринчи марта 9 фоиздан пасайди. Озиқ-овқат инфляцияси 10,7 фоизни ташкил этмоқда.

Фото: Kun.uz

Июл ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,2 фоизга арзонлашди, дея хабар қилди Статистика агентлиги.

Кетма-кет икки ойлик мавсумий дефляция ортидан, йиллик инфляция (ўтган йилнинг июлига нисбатан) 8,9 фоизга тушган. Йил бошидан буён истеъмол секторидаги нархлар ўртача 3,3 фоизга ўсган.

8,9 фоизлик йиллик инфляция – 2016 йил августидан (8,6 фоиз) кейинги даврдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Статистика органи 2023 йил июлида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 0,9 фоизга арзонлашгани, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 фоизга ва пулли хизматлар 0,5 фоизга қимматлашганини қайд этди.

Йиллик нисбатда озиқ-овқатлар ўртача 10,7 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 7,3 фоизга, хизматлар эса 8,2 фоизга қимматлашган.

Июл ойида нархи тушган озиқ-овқатлар: шакар (-4,6%), тухум (-4%), кунгабоқар ёғи (-3%), сут (-2,8%), ун (-2,1%). Йиллик нисбатда эса сут 17,5%, кунгабоқар ёғи 14,7%, ун 5,5% га арзонлашган; тухум 12,2%, шакар 5,6% га қимматлашган.

Июл ойида нархи ошган озиқ-овқатлар: гуруч ва гуруч оқшоғи (+1,7%, йиллик +50,6%), суякли мол гўшти (+0,7%, йиллик +13%), қўй гўшти (+0,5%, йиллик 12,5%).

Мева-сабзавотлардан июл ойида энг кўп бодринг (+8,1%), қовун (6,3%), сабзи (+5,9%), лимон (+4,9%), узум (+4,4%) ва олма (+3,5%) қимматлашган. Бақлажон (-37,6%), булғор қалампири (-36,8%), помидор (-30,5%) ва пиёз (20,2%) сезиларли арзонлашган.

Бензин нархлари ўтган ойдаги каби барча ҳудудларда ошган – республика бўйича ўртача 2 фоизга. Автотранспорт воситалари учун ёқилғиси нархи 0,2 фоизга, шу жумладан пропан нархи 0,8 фоизга кўтарилган. Транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича хизматлар 2,5 фоизга қимматлашган.

Ҳаво транспортида йўловчи ташиш хизматлари нархи июл ойида 4,3 фоизга ошган. Бу ҳолат миллий валюта курсининг еврога нисбатан ўзгариши билан изоҳланди. Темирйўл чипталари нархи 1,2 фоизга кўтарилган.

Умумий овқатланиш жойларидаги нархлар 9 та ҳудудда 0,2 фоиздан 2,3 фоизгача қимматлашган. Меҳмонхона хизматлари нархлари 4 та ҳудудда 1,7 фоиздан 2,4 фоизгача ошган.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов Статистика агентлигининг расмий инфляция кўрсаткичларини МБ олиб борадиган муқобил ҳисоб-китоблар ҳам тасдиқлаётганини айтганди.

Мавзуга оид