08:46 / 03.08.2023
7003

Зеленский дипломатларга янги қурол етказиб бериш устида ишлашни буюрди

Украина президенти Володимир Зеленский Украинанинг хорижий дипломатик муассасалари раҳбарлари билан учрашувда сўзга чиқиб, дипломатларга мамлакатга янги қурол етказиб бериш устида ишлашни топширди.

Фото: president.gov.ua

Ҳозир Украина тўлиқ миқёсли ҳарбий ҳаракатларнинг бошида «барча тахмин қилганидан кўра кўпроқ қурол» олмоқда, бироқ бу имкониятлар Россиядан аниқ устунликка эга бўлиш учун ҳали ҳам етарли эмас, деди Зеленский. 

Унинг қўшимча қилишича, Украина ҳаво мудофаа тизимини кучайтириш бу борада алоҳида аҳамиятга эга.

Украина артиллерияси Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган снарядлардан фойдаланмоқда, деб ёзганди аввалроқ Financial Times. 

Бундай ўқ-дориларни Бахмут ҳудудида жанг қилаётган ҳарбий хизматчилар журналистларга кўрсатган. Уларнинг таъкидлашича, снарядлар Украинага «дўстона» давлат томонидан топширилган ва уларни қандайдир кемадан «қўлга киритишган». FT суҳбатдошлари бошқа тафсилотларни келтирмаган.

Украина мудофаа вазири маслаҳатчиси Юрий Сак сўзларига кўра, Украина ҳарбийлари Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ўқ-дориларни Россия қўшинларидан ҳарбий техника билан бирга тортиб олган бўлиши мумкин.

FT маълумотларига кўра, Пхенян Украинага тўғридан-тўғри қурол етказиб берган бўлиши даргумон, чунки КХДР режими Россияни қўллаб-қувватлайди.

Белгиларга кўра, бу снарядларнинг аксарияти 1980- ва 1990-йилларда ишлаб чиқарилган. Ҳарбийлар уларнинг сифатидан норози, ўқ-дорилар жанг пайтида отилмай қолади ёки портлаб кетади.

Top