АҚШ делегацияси “Толибон” билан Доҳада муҳим учрашув ўтказди. Асосий мулоқотлар 30-31 июл кунлари бўлиб ўтган. Расмий Вашингтон доимгидек ўз эътиборини эски талаблар ва бажарилиши керак бўлган мажбуриятларга қаратди.

Давлат департаментининг маълум қилишича, Доҳадаги учрашувда АҚШ делегацияси таркибида Афғонистон бўйича махсус вакил Томас Уэст, Афғонистон аёллари, қизлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича махсус элчи Рина Амирий, Доҳада жойлашган АҚШнинг Афғонистон бўйича миссияси раҳбари Карен Декер бўлган.

Мулоқотда, аввало, гуманитар инқироз давом этаётгани инобатга олиниб, инсонпарварлик ёрдамини тўхтатмаслик муҳимлиги айтилган.

АҚШга кўра, БМТ органлари бу ишга бош-қош бўлиши керак. Учрашувда америкалик расмийлар Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари ва хусусан аёллар, хотин-қизлар, ҳимоясиз жамоаларга бўлаётган муносабатдан хавотирда эканини билдирган. Вашингтон “Толибон”дан уларга нисбатан сиёсатни ўзгартиришни талаб қилди.

Бундан ташқари, АҚШ расмийлари ҳибсга олишлар, оммавий ахборот воситалари эркинлигига қарши таҳдид ва таъқиблар, диний эркинликка бўлаётган чекловлардан жиддий хавотирини маълум қилди.

Афғон халқининг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш керак, мамлакат келажагини шакллантириш учун уларнинг овози ва талаблари жуда муҳим, деган Вашингтондан келганлар.

Афғонистон иқтисодиётида нима янгилик?

АҚШ делегациясининг Афғонистон Марказий банки ва Молия вазирлиги вакиллари билан учрашувида мамлакат иқтисодиётининг аҳволи ва банк сектори дуч келаётган муаммолар муҳокама қилинган. Бу борада Америка “Толибон” давридаги иқтисодий ўзгаришни тан олди.

Яъни АҚШ 2023 йилда Афғонистонда инфляция пасайиб бораётгани, маълумотлар товар экспорти ва импорти ўсишини кўрсатаётганини тасдиқлади. Бундан буёғига иқтисодиётни барқарорлаштириш бўйича техник мулоқотга Вашингтон очиқлиги билдирилди.

Аниқроқ талаблар

Давлат департаменти хабарига кўра, Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатлар, хусусан АҚШ ва унинг иттифоқчиларига таҳдид бўлмаслиги керак. Бу масала бўйича “Толибон” жиддий огоҳлантирилган. Хавфсизлик масалалари бўйича ҳукумат ўз мажбуриятларини бажариши керак.

Делегация музокараларда ҳибсга олинган АҚШ фуқароларини зудлик билан, ҳеч қандай шартларсиз озод қилиш талабини ҳам қўйди. Айнан шу масала, яъни фуқароларнинг ҳибсда ётиши бугунга қадар ҳамкорликка жиддий тўсиқ бўлгани маълум қилинди.