Жамият | 12:31 / 06.08.2023
21514
2 дақиқада ўқилади

Июн ойида Мисрда ЙТҲга учраган ўзбекистонлик аёл ватанига қайтарилди

Мисрда ЙТҲга учраган Ўзбекистон фуқароси икки ойлик даволанишдан сўнг ватанига қайтарилди. Унга Ўзбекистон элчихонаси, Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Uzbekistan Airways компанияси томонидан ёрдам кўрсатилди.

Фото: «Дунё» АА

Мисрда 6 июн куни содир бўлган ЙТҲда жабрланиб, оғир тан жароҳати олган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл икки ойдан сўнг ватанига қайтарилди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Оғир тан жароҳати олган бемор Қоҳирадаги шифохоналардан бирининг жонлантириш бўлимига ётқизилганди. Унга ўпкада пневмоторакс, тос суяги ва чап болдири синиши ташхиси қўйилган, юзи ва танасида кўплаб ғурралар (гематома) борлиги аниқланган.

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари беморнинг аҳволини биринчи кунданоқ кузатиб борган. У 12 июн куни Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида ҳукуматнинг инсонпарварлик ёрдами сифатида Қоҳирадаги Носир илмий-тадқиқот ва даволаш институтига бепул даволаниш учун ётқизилган. Стационарда бемор зарур тиббий кўрик ва тадқиқотлардан ўтказилган.

5 август куни у Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси, Uzbekistan Airways авиакомпанияси, Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ўзбекистонлик мутахассислар кўмагида Шарм аш-Шайх-Тошкент рейси билан Ўзбекистонга жўнатилган.

Элчихона Мисрга боришни режалаштираётган ўзбекистонликларни олдиндан тиббий суғурта қилиш ва чет элда қолиш вақтида эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.

Мавзуга оид