Бухоро шаҳрида 11 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда жаҳонда энергия ресурсларини тежаш масаласининг долзарблиги тобора ортиб бораётганига эътибор қаратилди.
«Шу боис юртимизда «яшил энергетика»ни ривожлантириш ва иқтисодиётга энергия тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш бўйича катта марралар олинган.
Энергия таъминотидаги дефицитни тўлиқ қоплаш мақсадида апрел ойида ҳар бир туман ва шаҳарда ўрганишлар ўтказилди. Шу асосда 4,5 миллиард куб метр газ ва 7,5 миллиард киловатт соат электрни иқтисод қилиш бўйича туманбай дастурлар қабул қилинди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда кўп ҳудуд ва тармоқларда ҳали айтарли натижа бўлмагани, раҳбарлари эса «сўров бўлмаяпти» деб, бу вазифаларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани таъкидланди.
Хусусан, Тошкент вилояти режага нисбатан 40 миллион куб метр, Тошкент шаҳри 19 миллион, Самарқанд 13 миллион, Хоразм 3,5 миллион куб метр газни кўп истеъмол қилган.
Электр бўйича Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилояти, Фарғона ва Тошкент шаҳрининг бирорта тумани тежаш режасини бажармаган.
Энергетика комплекси раҳбарлари бу ишларни пастда тизимли ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Йил бошидан қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш бўйича катта дастур бошланган. Ўтган даврда 430 мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари ишга туширилди. Шунинг ўзи йилига 1,2 миллиард киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқармоқда. Бу ижтимоий соҳа объектлари йиллик истеъмолининг 60 фоизига тенг.
Бугунги кунда ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектлари ҳамда аҳоли хонадонларида 250 мегаватт қуёш панеллари ўрнатилди. Бу борада Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғонада ишлар тўғри ташкил қилиниб, ижтимоий соҳа объектларида қуёш панеллари ўрнатиш бўйича йиллик режа бажарилди.
Шу билан бирга, ижтимоий объектлар ва давлат идораларида қуёш панеллари ўрнатиш Ўрта Чирчиқда атиги 5 фоизни, Бўка туманида 10 фоиз, Бўзатов ва Пискентда 15 фоиз, Нурота ва Янгиҳаёт туманларида 20 фоизни ташкил қилди.


















