Жаҳон | 10:36 / 15.08.2023
9208
3 дақиқада ўқилади

Доналд Трампга тўртинчи жиноий иш бўйича айблов эълон қилинди 

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга тўртинчи жиноий иш бўйича айблов эълон қилинди. Бу сафар унга қарши айбловлар Жоржия штатида қўзғатилди, у ерда прокурорлар Трамп 2020 йилги сайлов натижаларини ўз фойдасига ўзгартирмоқчи бўлган деб ҳисобламоқда. Трамп илгари қўйилган учта айблов бўйича ўз айбини тан олмаяпти.

Фото: Getty Images

Жоржия штати прокуратураси собиқ президент Доналд Трампга қарши айблов қўйди. Фултон округи прокурори Фани Уиллис айблов хулосасида собиқ президент ва иш бўйича бошқа айбланувчилар 2020 йилги сайловларда мағлубиятни тан олишдан бош тортгани ва «сайлов натижаларини ноқонуний равишда Трамп фойдасига ўзгартириш бўйича фитнага қўшилганини» қайд этди, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги айблов хулосасига таяниб. 

Айблов хулосасида жами 41 та айблов пункти ва 19 айбланувчи, жумладан, Трампнинг Оқ уйдаги маъмурияти собиқ раҳбари Марк Медоуз ва адвокатлар Руди Жулиани ҳамда Жон Истман ҳам бор. Улар 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин, дея қайд этади агентлик. Айбловга Трампнинг 2021 йил январ ойида Жоржия штати давлат котиби Брэд Раффенспергерга телефон қўнғироғи асос бўлган. Трамп, прокурорларга кўра, республикачи давлат котибига «11 780 овоз топишда» ёрдам беришини таклиф қилган.

Трамп ва унинг гумон қилинаётган шериклари, жумладан, қонун чиқарувчиларга сайловлар сохталаштирилгани ҳақида ёлғон гувоҳлик бериш, ҳукумат амалдорларини сайлов натижаларини ўзгартириш орқали қасамёдини бузишга чақиришда айбланмоқда. Прокурорлар, шунингдек, овоз бериш тизими бузилиши ва сайлов комиссияси ходимининг таъқиб қилинишини ҳам тилга олди. 

Айблов ҳукми судланувчиларнинг Жоржиядан ташқаридаги ишдаги ҳаракатларига ҳам тегишли. Унда айтилишича, Трамп маслаҳатчилари Аризона, Пенсилвания ва бошқа штатлардаги расмийларга қўнғироқ қилиб, бу штатларда овоз бериш натижаларини ўзгартиришга уриниб кўрган.

Трамп ҳар қандай қонунбузарликни рад этяпти ва демократ прокурор Уиллисни сиёсий мотивларда айблаяпти. У аввалроқ учта жиноий иш бўйича айбини тан олмаган эди. 2024 йилнинг 25 мартида Нью-Йорк штатида актриса Сторми Дэниелсга яширин пул тўлаганлик, 20 май куни эса Флоридада махфий ҳужжатлар бўйича суд жараёни ўтказилади.

Учинчи иш – президентлик сайлови натижаларини тасдиқлашга тўсқинлик қилиш бўйича тил бириктириш юзасидан якуний суд жараёнининг санаси ҳали белгиланмаган, кейинги мажлис 28 августда бўлиб ўтади. Сўнгги иш бўйича махсус прокурорнинг баёнотларидан сўнг, Трамп ўз тарафдорларига АҚШ Адлия вазирлиги томонидан қўйилган айбловлар бўйича 561 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлигини айтди, деб хабар берди The Hill август ойи бошида. 

Трамп 76 ёшда, у 2017-2021 йилларда АҚШ президенти бўлган. Трамп, шунингдек, 2024 йилги АҚШ президентлик сайловларида Республикачилар партиясидан номзод сифатида иштирок этиш ниятида эканини маълум қилди. Котировкаларга қараб реал вақт режимида янгиланадиган Forbes Real-Time рейтингида Трампнинг бойлиги 2,5 миллиард долларга баҳоланмоқда. 

Мавзуга оид