09:00 / 15.08.2023
5414

Ҳавайи маъмурияти ёнғинга қарши курашда муваффақиятга эришганини эълон қилди

100 га яқин инсоннинг ҳаётига зомин бўлган беш фожиали кундан сўнг, Ҳавайи ороллари ҳукумати вазият тобора кўпроқ қутқарув хизматлари назорати остига ўтаётганини хабар қилди.

Фото: AP

Ҳавайидаги Мауи ва Катта оролларидаги йирик ўрмон ёнғинлари билан боғлиқ вазият аста-секин барқарорлашмоқда: табиий ёнғин марказларининг аксарияти маҳаллийлаштирилди ва унинг кейинги тарқалиши назорат остига олинди. Бу ҳақда 13 август куни кечки пайт АҚШнинг Ҳавайи штати расмийлари ёнғинларга қарши курашда муваффақиятга эришилганини таъкидлаб, маълум қилди.

Мауи ғарбидаги Лахайна шаҳри атрофида кузатилаётган айниқса кучли ёнғин ҳозирда 90 фоизга ўраб олинган, ичкарида, Кула шаҳри яқинида эса ёнғин тўлиқ ўчирилган.

14 август куни эрталабки ҳолатга кўра, 8 август, сешанба кунидан бери оролларни қамраб олган ёнғин қурбонлари 96 нафарга етгани тасдиқланган. 2200 дан ортиқ бино вайрон бўлган, уларнинг деярли 90 фоизи турар жой иншоотлари. Ёнғин натижасида 850 гектардан ортиқ майдон ёниб кетган. АҚШ матбуотига кўра, бу ёнғинлар сўнгги 100 йил ичида АҚШ тарихидаги энг даҳшатли табиий офатга айланди. Фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича федерал агентлик (FEMA) дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, биргина Лахайнани қайта тиклаш 5,5 миллиард долларга тушади.

Ҳавайидаги ёнғинлар: шок ва йўқотишлар

FEMA 12 август, шанба куни маълум қилишича, ҳозирда ўнга яқин федерал агентликлар ёнғиндан жабрланганларга ёрдам бериш устида ишламоқда. 150 киши, жумладан қидирув-қутқарув гуруҳлари аллақачон Мауида ва яна кўплари йўлда, дея қўшимча қилди агентлик. 

«Биз шок ва йўқотиш ҳолатидамиз», деди якшанба куни CNN телеканалида Ҳавайи штатидан сенатор Мази Хироно. Ҳавайи губернатори Жош Грин расмийлар ёнғин хавфи ҳақида одамларни кеч хабардор қилиш масаласи бўйича биргаликда текширув ўтказишини маълум қилди. Reuters хабарига кўра, тревога сигналини берувчи сиреналар ишламаган. 

Ёнғинларнинг аниқ сабаблари ҳозирча аниқланмади

Ҳавайи расмийларига кўра, ёнғинлар архипелагдан жанубга қараб ҳаракатланаётган «Дора» тўфони билан боғлиқ бўлиши мумкин. Тезлиги 130 км/соатга етган кучли шамол таъсирида аланга тезда қуруқ ўт ва биноларга тарқалган. Бироқ ёнғинларнинг аниқ сабаблари ҳозирча аниқланмади. 

Қутқарув ишларини, шунингдек, Лахайна шаҳрининг шимолий ва жанубий қисмларига фақат катта кириш йўли орқали етиб бориш мумкинлиги ҳам қийинлаштирди. Маҳаллий энергетика компанияси ҳам электр таъминотини ўз вақтида ўчирмагани, юқори вольтли симларнинг қулаши янги ёнғинларни келтириб чиқарган бўлиши мумкинлиги учун танқид қилинди. 

Top