Жаҳон | 08:34 / 15.08.2023
5336
3 дақиқада ўқилади

Полшада Россиянинг икки фуқароси жосусликда айбланиб қўлга олинди

Варшава ва Краковда икки нафар Россия фуқароси «Вагнер гуруҳи» ҳақидаги тарғибот материалларини тарқатгани учун ҳибсга олинди.

Фото: notesfrompoland

Россиянинг икки фуқароси Полшада «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) ҳақидаги тарғибот материалларини тарқатгани учун қўлга олинди. «ABW (Полша Ички хавфсизлик агентлиги), полиция билан биргаликда Краков ва Варшавада «Вагнер гуруҳи» ташвиқот материалларини тарқатган икки русни аниқлади ва қўлга олди. Иккаласига ҳам жосусликда айблов қўйилди ва улар қамоққа олинди», - деб хабар берди 14 август, душанба куни Полша ички ишлар ва маъмурият вазири Мариуш Каминский илгари Twitter номи билан машҳур бўлган X платформасида.

ABW маълумотларига кўра, 11 август, жума куни қўлга олингунга қадар, эркаклар икки шаҳарда «Вагнер» ХҲКни қўллаб-қувватловчи 300 га яқин варақаларни ёпиштириб чиққан. Уларда ёлланма аскарларни ёллаш учун веб-сайтларга ҳаволалар бўлган. Ҳаммаси бўлиб, улар 3000 га яқин брошюраларни олиб юрган, дея таъкидлайди ABW. Қўлга олинганларнинг сўзларига кўра, улар материалларни Москвада олган ва қилган ишлари учун «500 минг рублгача» (тахминан 4500 евро) ваъда қилинган. Эркаклар 12 август, шанба куни Полшани тарк этишни режалаштирган. 

Битта брошюра тарихи 

Аскарлар ёллашга чақирувчи брошюралардан бирининг биринчи сурати 10 август куни ўзининг Facebook саҳифасида Краков шаҳар кенгаши аъзоси Лукаш Вантух томонидан эълон қилинган. А5 форматидаги стикерларда инглиз тилида «Биз шу ердамиз. Бизга қўшилинг» ёзуви билан «Вагнер гуруҳи» логотипи ва ёлланма қўшинлар ҳақидаги рус тилидаги веб-сайтга олиб борувчи QR-код кўрсатилган. 

Полша расмийлари ҳозирда жангчилари қўшни Беларусда жойлашган «Вагнер» ХҲК томонидан эҳтимолий провокациялар ҳақида огоҳлантирди. Шу муносабат билан Варшава икки давлат чегарасида қўшинлар сони кўпайганини маълум қилди. 

Бу алоҳида ҳолат эмас, балки бутун бир тизим бўлиши мумкин

2023 йил март ойида Полша расмийлари «Россия жосуслик тармоғи» топилганини эълон қилди. Тергов маълумотларига кўра, унинг агентлари Полшадаги ҳарбий ва фуқаролик объектлари ҳақида маълумот тўплаган, Украина ва НАТОга қарши кайфиятни қўзғатган ва диверсия тайёрлаган. Хусусан, Полша терговига кўра, улар Украина учун қурол ва инсонпарварлик ёрдами солинган поездларни портлатишни режалаштирган. Полша аллақачон 20 га яқин одамни Россия фойдасига жосусликда айблаб ҳибсга олди. Улар орасида руслар, беларуслар ва украинлар бор. 

Полшада хорижий армиялар ва ёлланма гуруҳларга ёллаш, шунингдек, бундай ташкилотларда хизмат қилиш қонун билан тақиқланган. Қоидабузарлар беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид