АҚШ Исроилга Германияга 100 километрдан ортиқ баландликдаги нишонларга зарба бера оладиган Arrow 3 ракеталардан мудофаа тизимини сотишга рухсат берди, дея хабар қилмоқда 17 август, пайшанба куни Исроил Мудофаа вазирлиги. Вашингтоннинг розилиги Исроил ва Германия ўртасида тарихдаги энг йирик ҳарбий келишувга йўл очди, дейилади хабарда.
АҚШнинг розилиги Германияга Arrow 3 етказиб бериш бўйича шартномани имзолаш йўлидаги сўнгги асосий тўсиқ сифатида қолаётганди. Берлин томонидан ушбу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини сотиб олиш бўйича музокаралар 2022 йил феврал ойида Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатларидан кўп ўтмай бошланган. Шартнома Исроил ва Германия Мудофаа вазирликлари, шунингдек, Israel Aerospace Industries томонидан имзоланади.
Arrow 3 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими
Германия Бундестагининг Бюджет ва мудофаа қўмитаси жорий йилнинг июн ойида Arrow 3’ни сотиб олишни маъқуллади. Шартнома қиймати деярли 4 миллиард еврони ташкил қиляпти. Молиялаштириш Бундесвер учун замонавий қурол-яроғлар сотиб олиш учун махсус фонд ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу фонд Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига жавоб сифатида яратилган.
Arrow 3 тизими Исроил ва АҚШ томонидан биргаликда ишлаб чиқилган. У 2025 йил охиригача фойдаланишга тайёр бўлиши керак. Германия ташаббуси билан Arrow 3 Европа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисмига айланиши кўзда тутилган.

















