Ўзбекистонда янги ўқув йили бошланишига жуда оз вақт қолди. Бу йилдан бошлаб барча 1-4-синф ўқувчилари янги авлод дарсликлари асосида таълим олади. Бунинг учун китоблар 770 номда 72 млн нусхада чоп этилмоқда. Хўш, дарсликларнинг ижара масаласи қандай бўлади? Бошланғичдан ташқари, юқори синфдагиларга ҳам янги китоблар бериладими? Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода Норбоеванинг айтишича, бу йил ҳам ўқувчилар учун дарсликлар ижараси бепул бўлади. 

“Ўтган ўқув йилида ҳам бу нарса жорий этилганди, бу йил ҳам у амалда. Яъни ўқувчилар учун дарсликлар бепул тарзда ижарага берилади, бунда ҳеч қандай ижара тўлови мавжуд эмас. Бу тўловлар давлат бюджетидан тўлиқ қопланади. Юқори синф ўқувчиларимиз учун Cambridgeʼнинг информатика дарсликлари барча таълим тилларида Ўзбекистонга мослаштирилган ҳолда чоп этилмоқда. Бундан ташқари, 1-11-синфлар учун Cambridgeʼнинг инглиз тили дарсликлари маҳаллийлаштирилган ва таълим муассасаларида амалиётга жорий этилган.

Шунингдек, янги ўқув йилида француз тили бўйича хориж нашриёти билан шартнома имзоланган. Унга кўра, 1-11-синфлар учун француз тили дарсликларини маҳаллийлаштириш, мослаштириш ҳамда таълим муассасаларимиз учун чоп этиб бериш кўзда тутилган. Қолаверса, немис тилини сифатли ўқитиш учун ҳам Германия ташкилотлари билан тузилган шартномамизга мувофиқ, немис тили дарсликлари таълим муассасаларимизга етказиб берилди”, – дейди вазирлик бошқарма бошлиғи. 

Сентябрдан бошлаб республикадаги 124 та мактабда танлов фанлари амалиёти тажриба-синов тарзида жорий этилади. Бу йилдан 10-11-синф ўқувчилари 11 та мажбурий фандан ташқари, 2 та ўзлари истаган йўналишда керакли фанларни ўқиш имкониятига эга бўлмоқда. Бунда танлов фанлари 4 та йўналишга бўлинган. 

“Танлов фанлар тажриба-синов тарзда йўлга қўйилаётгани учун бу йил уларни 4 та йўналишда тақдим этяпмиз. Улар: кимё-биология, физика-математика, она тили, адабиёт-чет тили, математика-чет тили йўналишларида бўляпти. Бунда юқори синф ўқувчиларимиз келажакда танлаган касби учун керак бўладиган фанлар доирасида чуқурроқ билим олишлари кўзда тутилмоқда. Мана шу жараённи ташкил этиш учун аввало ўқувчиларнинг қизиқиши ва қобилиятлари инобатга олиниши лозим. Шу мақсадда сўровномалар ўтказилди, унинг натижаларига кўра, танлов йўналишлари танлаб олинди ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг дастурлари мослаштирилди. Яъни ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг юқори синфлари учун яратилган дастурлар асосида таълим жараёнини ташкил этиш кўзда тутилмоқда”, – деди Норбоева.