Жамият | 13:33 / 19.08.2023
44620
6 дақиқада ўқилади

“Уйимиз олдида илонлар судралиб юрарди” – ҳаёти ўзгарган фаррош

Оғир ҳаёт, бир томони экин даласига туташ бўлган хароба уй, имконсизлик ва кутилмаганда келган беморлик... Карманалик фаррош аёл Гулнора Каримованинг охирги 6 йил умри ана шундай қийинчиликлар ичида ўтди. Аммо давлатнинг кўмаги билан бугун унинг ҳаёти буткул ўзгарган.  

Синовли дунёда ҳар кимнинг ўз ҳикояси бор: кимникидир қувончдан изтиробга айланган, бошқа бировники изтиробдан қувончга. Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи Гулнора Каримованинг ҳикояси ҳам кеча изтиробли эди, бугун қувончли.

Кармана туманидаги 3-умумтаълим мактабида фаррош бўлиб ишлайдиган Гулнора Каримова бундан 6 йил олдин оғир синовларга дуч келган. Турмуш ўртоғи асраб олинган ўғил эди. Ўгай ота-онаси уни улғайтиради, уйлантиради ва кейин оқ фотиҳа бериб, эндиликда ўз ҳаётини ўзи қуриши кераклигини айтади.

Иккита қизалоғи билан кўчада қолган эр-хотин туманнинг Кумушкон маҳалласида қишлоқ четидан, бир томони экин даласига туташ бўлган ердан ўзлари лойдан ғишт қуйиб, икки хонали лойсувоқ уй тиклаб олишади. Наридан бери қурилган уйнинг ҳали деразаси кўчиб тушар, ҳали томидан сув ўтиб кетарди. Қолаверса, бир томони дала эмасми, уй ичига гоҳида илон судралиб кирар, деворларда калтакесаклар ўрмалаб юрарди.

Аслида бу ерда илондан ҳам даҳшатлироқ бўлган хавф бор эди: уй устидан юқори кучланишли электр энергияси тармоғи ўтганди. Агар қўлим нам бўлса, ток урарди, дея эслайди ўша кунларни Гулнора Каримова.

Бу ерга 2017 йилда келгандик. Келганимизда ҳамма жой шунақа ажриқ босган ер эди. Биринчи бир хонали уй қурдик. Газ, свет, сув йўқ эди. Андава қилинган уйда ўтирдик. Болаларим кичкина эди. Кейин аста-секин иккинчи хонани тикладик. Турмуш ўртоғим билан кун бўйи ғишт қуярдик ўзимиз. Чарчасак ҳам, бетоб бўлсак ҳам анча меҳнат қилиб, тиклаб олгандик. Шундай кунларнинг бирида онкологик касалликка чалиниб қолдим. Шунча қийналиб ўтирган бир пайтимиз бу ҳам яхши бўлмади. Шукр, тузалиб чиқдим.

Бу уйда жуда қийналганмиз. Сабаби, шароитлари йўқ эди. Ёғинли кунларда томдан сув ўтиб кетарди. У кунларни эсимдан чиқармайман. Атроф очиқ эди. Шоқоллар ҳам юрарди, илонлар эшигимиз олдигача судралиб борарди, уйга кирган кунлари ҳам бўлган. Қолаверса, уйимиз тепасидан электр тармоғи ўтган. Кир ювсам қўлимдан ток урарди, қўрқардим.

Бу ер асли фермер балансидаги ер эди. Борарга жойимиз йўқлиги сабабли шу ерда яшаганмиз. Бир кун бизнинг ҳам янги уйимиз бўлармикан, бу харобадан чиқармиканмиз, дея кўп орзу қилардим. Мана, давлатимиз ёрдами билан янги уйли бўлдик. Янги уйда яшаш барибир бошқача экан”, дейди Гулнора Каримова.

Оила қишда совуқдан, ёзда иссиқдан яшаш имконсиз бўлган бу уйда шу тариқа 6 йил яшайди. Бир куни масъуллар келиб, электр тармоғи сабаб бу уйда яшаш мумкин эмаслигини, уни мулк сифатида ҳужжатлаштириб бўлмаслигини айтишади. Бу орада Гулнора Каримова оғир хасталикка чалинади. Оила бошига муаммолар дўлдай ёғилиб келганди гўё.

Тақдирида ёруғ кунлар борлигига умид қилиб яшаган фаррош аёлнинг ҳаёти бугун буткул ўзгарди: оила давлатнинг ёрдами билан шинам уйли бўлди. Туманнинг “Янги Ўзбекистон” массивида қурилган кўп қаватли уйлардан хонадон эгасига айланган Гулнора Каримова бундай шароитни фақат орзу қилганини айтади.   

Янги уйимизга кўчиб келганимизга 20 кун бўлди. Шукур, ҳамма шароитлари бор. Келганимиздан бери хурсандмиз. Ташқарида ўйингоҳи ҳам бор, болаларимиз маза қилиб ўйнашяпти. Мактаб ва боғча ёнимизда. Баъзида бу тушимми ёки ўнгим дейман, бировнинг уйига келиб қолгандаймиз. Ҳеч ишонгим келмайди. Ҳали-бери хурсандчилигим тарқамаган: далага ҳам чиққим келмайди, фақат уйимнинг ичида ишларни қилиб юраман”, дейди у.

Навоий вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бош мутахассиси Ҳилола Қодированинг маълум қилишича, вилоятда йилнинг ўтган 7 ойида 34 мингдан ортиқ оилага 33,7 млрд сўмлик ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган. Хусусан, давлат бюджети ҳисобидан қарийб 15 млрд сўмга 100 га яқин ижтимоий уйлар харид қилиниб, оғир шароитдаги ёрдамга муҳтож оилалар жойлаштирилган. Шунингдек, 276 нафар хотин-қизга 350 млн сўмга яқин уй-жой ижара тўловлари тўлаб берилган.  

Ҳаётда ҳар хил вазиятлар бўлиши мумкин: касаллик, ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик сабаб баъзи хотин-қизларимиз оғир турмуш шароитига тушиб қолмоқда. Лекин давлат ёрдами билан уларнинг яшаш шароитлари батамом яхши томонга ўзгаряпти. Халқимиз давлатнинг ёрдамини бугунги кунда ҳис қиляпти. Оддий мисол, биргина вилоятимизда ўтган 7 ой давомида 100 нафарга яқин хотин-қизларга ижтимоий уйлар берилди. Баъзилари бунақа уйларда яшайман деб ўйламаганлигини айтади. Ҳақиқатан ҳам улар чайлача, айвонча ёки вагонлардан ҳозир икки хонали, ҳамма шароити бор уйларга келиб яшаяпти”, дейди Ҳилола Қодирова.

Албатта, бу вилоятда уй-жойга муҳтожлар қолмади, дегани эмас, ишлар ҳали давом этмоқда. Муҳими, оғир турмуш тарзига тушиб қолган оилалар давлатнинг ёрдами ва ғамхўрлигини чин маънода ҳис қилишмоқда, уларнинг ҳаёти яхши томонга ўзгаряпти.

Руслан Сабуров,
Kun.uz
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов

Мавзуга оид