Жаҳон | 17:24 / 21.08.2023
8724
2 дақиқада ўқилади

Смартфон аккумуляторининг ёниб кетиши сабаблари айтилди

Қурилманинг қўлдан тез-тез тушиб кетиши, сифатсиз зарядловчи ёки сифатсиз пауэрбанк ишлатиш хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Фото: Reuters

Смартфоннинг нотўғри ишлаши унинг аккумуляторида ёнғин чиқишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Mobile Research Group таҳлилчиси Элдор Муртазин гапириб берди.

«Россияда шунга ўхшаш ҳодисалар ойига ўн мартагача қайд этилади, бошқа мамлакатларда ҳам статистика шунга ўхшаш», деди у.

Мутахассиснинг таъкидлашича, смартфон ёниб кетишининг энг кўп учрайдиган иккита сабабидан бири бу қурилманинг қўлдан тез-тез тушиб кетиши оқибатида аккумулятор қобиғининг шикастланишидир.

«Иккинчи сабаб — сифатсиз зарядловчи ёки сифатсиз пауэрбанкдан фойдаланиш, улар телефон «кўтара олмайдиган» юқори қувватни бериб юбориши мумкин», деб қўшимча қилди Муртазин.

Шунингдек, агар смартфон қуёш нурлари остида қолдирилса, батарея қизиб кетиши ва ишдан чиқиши мумкин, деб давом эттирди у.

«Агар батарея шишиб, корпусдан чиқиб қолаётганини кўрсангиз, бундай смартфондан фойдаланманг. Бу хавфли, исталган вақтда смартфон ёниб кетиши ва куйдириши мумкин», деди Муртазин.

Бироқ, аксарият ҳолларда, смартфонлар ёнмайди, балки, тутаб туради, деб тушунтирди эксперт.

«Оловланиш жуда камдан кам ҳолларда содир бўлади, бунинг учун ҳаво нам бўлиши ёки қурилма сувга тушиши ва батарея қобиғи ёрилиши керак», деди Муртазин.

Унинг сўзларига кўра, батареяни мунтазам равишда алмаштириб туриш керак.

«Батарея тўзиб кетадиган нарсадир, уни ҳар икки-уч йилда бир марта алмаштириш керак. Смартфон ёмонроқ ишлай бошлаганини, қувватни ушлаб туриш қобилияти пасайганини сезсангиз, батареяни алмаштиринг», деб маслаҳат берди Муртазин.

Мавзуга оид